Ички йўллар қурилишида кластер тизими: у қандай самара бермоқда?

16:42 16 Ноябрь 2022 Жамият
663 0

Фото: Халқ сўзи

Халқимиз азалдан йўл қуришни энг савобли юмуш сифатида эътироф этади. Бу ишга бош бўлган ташаббускорларга алоҳида иззат-ҳурмат кўрсатади. Боиси ҳар бир йўловчининг манзилига ўз вақтида етиб бориши, узоғи яқин, оғири енгил бўлишида йўлсозларнинг хизмати беқиёс. Қолаверса, юрт тараққиёти ҳамда иқтисодиёт ривожида ички ва ташқи йўлларнинг ўрни нақадар муҳим экани барчамизга яхши маълум.

Президентимизнинг 2022 йил 18 майда қабул қилинган «Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳудудларда йўл ва йўлаклар қуриш, таъмирлаш, аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун зарур бўлган қулай шарт-шароитлар яратиб беришда муҳим омил бўлмоқда.

Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 15 июнь куни Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг қарори қабул қилиниб, вилоятда 2022 йилда цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилди ҳамда бу ишларни кластер усулида амалга оширувчи бош пудратчи ташкилотлар рўйхати тасдиқланди.

— Фарғона вилоятининг Бешариқ, Бувайда, Данғара, Учкўприк, Фурқат, Сўх туманларида 72 та МФЙнинг қарийб 32 км ички йўлларида цемент-бетон қопламали йўллар қуриш бўйича белгиланган ишлар ўз вақтида ва сифатли бажарилди, — дейди «Турон эко цемент» МЧЖ қурилиш кластери раҳбари Аҳатжон Шарофиддинов. — Бунинг учун 10 дан ортиқ янги техника ва технологиялардан самарали фойдаланилди. Айни жараёнда арзон ва сифатли маҳаллий хомашёлар асосида йўл қуришга алоҳида эътибор қаратилди.

Натижада ўтган қисқа даврда Фарғона вилоятида ушбу қурилиш кластерига бириктирилган 6 та туманда ички йўлларни таъмирлаш даражаси 25-30 фоизга ошди. Бу ишлар самараси туфайли ҳудуддаги 150 га яқин ижтимоий соҳа объектларига олиб борувчи йўллар ҳолати яхшиланди, туман марказларига олиб борувчи йўл ҳажми ўртача 5-15 километргача қисқаришига эришилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон туманининг «Шўрсув» саноат зонасида жойлашган «Турон эко цемент» МЧЖда йилига 600 минг тонна юқори сифатли цемент ишлаб чиқарилади. Кенг ассортиментдаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан тортиб, кўп қаватли уйлар қуришгача ихтисослашган корхонада 1 минг 500 та доимий иш ўрни яратилган.

Корхона таъсисчиларидан бири Олимхон Аҳмедовнинг қайд этишича, ички йўлларга янгича ёндашув борасида сектор раҳбарлари тавсияси, аҳоли мурожаатлари асосида рўйхат шакллантирилиб, биринчи навбатда чекка ва олис ҳудудлар танлаб олиняпти. Шу тариқа бош пудратчи – Фарғона вилояти ҳокимлигининг капитал қурилиш соҳасидаги буюртмачи хизмати мутахассислари кўмагида иш ташкил этилмоқда.

Замонавий ёндашув ҳар жиҳатдан фойдали бўлиб, мисол учун, бир километр узунликдаги кўчани асфальт қилиш учун ўртача 600 млн. сўм харажат қилинса, бетон қоришмали йўл учун 520-550 млн. сўм маблағ талаб этилади. Аммо асфальт йўлнинг кафолат муддати 5 йил, бетон қоришмали йўл эса камида 10 йил хизмат қилади.

Қурилиш кластери корхонаси ишчи-мутахассислари янги йўллар қуришда қиш мавсуми ёғингарчиликларини инобатга олишмоқда. Унга кўра, қишда сирпанчиқ бўлмаслиги учун бетон қоришмали йўлнинг устки қисми махсус техника ёрдамида атайин ғадир-будир қилинади.

Кластер раҳбари Аҳатжон Шарофиддиновнинг таъкидлашича, ички йўлларини қуриш, таъмирлаш билан боғлиқ ишларда кластер тизими жорий этилгани жуда қўл келди. Шу тариқа илгари йўл қурилиши соҳасида учраб турган битум маҳсулоти етишмовчилиги билан боғлиқ ҳолатлар барҳам топди. Янги тизим ҳар қандай шароитда арзон ва сифатли қоришма тайёрлаш, йўл қуриш ва таъмирлашда қўл келаётгани билан эътиборга сазовордир. Эндиликда кластер корхонасида маҳаллий хомашё — шағал, қум ва цемент аралашмаларидан йўл қурилишларига мос бетон қоришмалар тайёрланмоқда. Инновацион ғоялар асосида 10 та янги техника яратилди.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер