Ички ишлар вазири парламент сўровига жавоб берди
Мамлакатимизда кейинги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда. Бу эса халқимиз фаровонлигини янада ошириш, уларга қулайлик ва шарт-шароитлар яратиб бериш учун хизмат қилаётир.
Аммо ҳозирги давр аҳолига давлат хизматларини қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини ошириш ва фуқароларнинг идораларда сарсон бўлиб юришининг олдини олиш, давлат органлари ахборот тизимида мавжуд маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш бўйича ишларни изчил давом эттиришни тақозо этади.
Боиси ID-карта ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, автотранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш, автотранспорт воситасига давлат рақами беришда айрим ҳолатларда давлат хизматларининг ҳамон электрон шаклда амалга оширилмасдан, анъанавий шаклда олиб борилаётгани, навбатлар сонининг кўплиги фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Ҳудудларда ваколатли идораларнинг қуйи бўғин ташкилотларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари етишмовчилиги ёки интернет тезлигининг пастлиги электрон давлат хизматларининг кўрсаткичлари паст даражада сақланиб қолишига олиб келяпти.
Шундан келиб чиқиб, жорий йил 14 февраль куни Ички ишлар вазири П.Бобожоновга “Ички ишлар органлари томонидан аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ушбу парламент сўровига Ички ишлар вазирининг жавобини атрофлича кўриб чиқдилар.
Парламент сўровига келган жавобда қайд этилганидек, Ички ишлар вазирлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилиб, модернизация қилинмокда. Жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган давлат хизматларини ”ягона дарча” тамойили бўйича тақдим этилиши юзасидан қатор ишлар босқичма-босқич амалга ошириляпти.
Хусусан, ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида талаб юқори бўлган 9 турдаги хизмат давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига тақдим этилиши йўлга қўйилди.
-Судланганлик ҳақида маълумотнома бериш;
-Манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш;
-Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва йўқолганлари ўрнига янгисини бериш;
-Вақтинча рўйхатга олиш (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти);
-Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш, рўйхатдан чиқариш, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш;
-Радиоактив чиқиндилардан ташқари хавфли юкларни автомобиль транспортида ташиш йўналиши схемаларини келишиш;
-Чет эл дипломатик корпус ходимлари ва ишчиларига, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномаларни бериш;
-Автомобиль йўллари ва кўчалари бўйида жойлашган АЗС, АГНКС ва АГЗС станцияларини қуриш лойиҳаларини келишиш;
Шунингдек, оғир вазнли ва катта ҳажмли юкларни автомобиль транспортида ташишда йўналиш схемаларини келишиш кабилар шулар жумласига киради.
Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат хизматлари кўрсатиш жараёнларини янада унификациялаш ва автоматлаштириш мақсадида ахборот тизимларини яратишда ягона технологик ёндашувни таъминлаш ҳисобига ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жадаллик билан ривожлантириш натижасида Давлат хизматлари Ягона реестрига мувофиқ ИИО томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари 55 тани ташкил этади.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш даврида алоҳида эътибор фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишда ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш, навбат кутиб туриш каби ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида Реестрга мувофиқ, аҳолига тақдим этиладиган хизматлардан 19 турдаги давлат хизматларини электрон тарзда кўрсатиш йўлга қўйилиб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали масофавий тарзда ҳамда давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиб келинмоқда. Қолган 36 таси анъанавий шаклда бўлиб, булар асосан фуқароларнинг ИИОга ташрифи асосида амалга оширилиши зарур бўлган хизматлардир.
Парламент сўровига келган жавобда ички ишлар органлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларини устувор равишда электрон шаклга ўтказиш бўйича Ҳукумат томонидан белгиланган чора-тадбирлар натижасида фуқароларга қўшимча қулайликлар яратилаётгани келтирилган.
Жумладан, Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда тегишли ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилиб, фуқаронинг розилиги асосида биометрик паспорт (хорижга чиқиш биометрик паспорти) ёки ID-картадаги фотосуратни автоматик равишда янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига бириктириш механизми яратилди. Шунингдек, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига фуқаронинг имзосини (гувоҳноманинг 7-банди) қўйиш амалиёти бекор қилиниб, фуқаролар томонидан мазкур давлат хизматини тўлиқ масофадан турган ҳолда олиш жорий этилди.
Мажлисда депутатлар парламент сўровига жавобда кўтарилган масалалар бўйича атрофлича маълумотлар тақдим этилганини эътиборга олиб, ушбу парламент сўрови юзасидан тайёрланган Қонунчилик палатасининг қарорига бир қатор таклифлар ҳам берди.
Муҳокамаларга бой бўлган мажлисда кун тартибидаги масала тегишли қўмитанинг доимий назоратида бўлиши алоҳида таъкидланиб, парламент сўровига юборилган жавоб маълумот учун қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг