Ички бозорда сут ва гўштнинг таннархи арзонлашади
Оҳангарон туманидаги «Абдураҳим ота» МЧЖда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида»ги 890-сонли қарори ижроси юзасидан ўқув-амалий семинар ўтказилди. Унда, тумандаги сектор раҳбарлари, чорвачилик йўналишидаги фермерлар ва мутахассислар иштирок этишди.
Тумандаги чорвачиликнинг бугуни аҳволи, қишловгв тайёргарлик кўриш жараёнлари таҳлил қилинган семинарда бу борадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди. Ўз ишига совуққонлик билан ёндашаётган ва ажратилган кредит маблағлари ҳамда ер майдонларидан унумли фойдаланмаётган айрим лойиҳачиларнинг фаолияти танқидий таҳлил этилди.
Тадбирда «Абдураҳим ота» МЧЖнинг 63 миллиард сўмлик лойиҳаси асосида барпо этилаётган сутчиликка ихтисослашган чорвачилик мажмуасидаги ютуқлар намуна сифатида кўриб чиқилди. Бу мажмуа фойдаланишга топширилгач, йилига 6000 тонна сут ва 10 тонна гўшт етиштириш имконияти юзага келади. Асосийси, 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, ички бозорда сут ва гўштнинг таннархи арзонлашади.
Ана шу ютуқларга эришиш учун ҳозирда фермерга туман ҳудудидан жами 546 гектар ер майдони ажратилган.
Шодиёр МУТАҲАРОВ
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг