Ички бозорда ўз ўрнига эга корхона
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби, Қашқадарё вилоятида ҳам қурилиш-бунёдкорлик ишлари салмоғи ортиб бормоқда. Масалан, ўтган 2023 йилда вилоятда амалга оширилган қурилиш-пудрат ишларининг ҳажми 9246,2 миллиард сўмга етганидан ҳам бу борадаги ишлар кўлами қанчалик кенглигини билиш мумкин.
Эътиборли томони, қурилиш ишлари салмоғи ошгани сари қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Масалан, бундан ўн йил аввал воҳада қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган саноқли корхоналар фаолият юритган бўлса, бугун бундай субъектлар сони қарийб 900 тага етди. Чироқчи туманида фаолият юритаётган “Сифат субҳидам” масъулияти чекланган жамияти улардан бири ҳисобланади.

Мазкур корхона дастлаб буюртмачиларга тайёр бетон қоришмаси етказиб бериш билан фаолиятини бошлаган эди.
— Ўтган йили эса фаолиятимизни янада кенгайтириш имконияти пайдо бўлди, — дейди МЧЖ раҳбари Ҳусниддинбек Нурматов. — Шу мақсадда туманнинг Мустақиллик маҳалласи ҳудудида жойлашган кичик саноат зонасидан ер олиб, ўз ишлаб чиқариш корхонамизни барпо этдик.
Айни пайтда мазкур корхонада турли ўлчамдаги бетон плиталар, бетон ғишт, бетон симёғочлар ҳамда қишлоқ хўжалигидаги узумларга устунлар, латок, калодис ва сув ҳовузлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотнинг ички бозорда ўз ўрнига эга бўлиб бораётгани, буюртмачиларнинг кўплиги эса тадбиркорни янада янги лойиҳаларни йўлга қўйишга илҳомлантиряпти.

— Бу йил пишиқ ғишт ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш ҳаракатидамиз, — дейди тадбиркор. — Шунингдек, бетон плиткалар ишлаб чиқаришни ҳам мақсад қилганмиз.
Аҳамиятли жиҳати, айни пайтда корхонада 26 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлган бўлса, янги лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши эвазига яна камида 30 нафар янги ишчига эҳтиёж туғилади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг