Ичимлик сувидан қарздорликни кечириб бўлмайди

18:13 18 Октябр 2023 Жамият
659 0

Андижон вилояти аҳолиси истеъмол қилаётган тоза ичимлик сувининг асосий қисми Қирғизистон Республикасида шаклланиб, “Кампирровот” сув омбори орқали республикамиз ҳудудига кириб келади. Бу ҳақида “Андижон сув таъминоти” МЧЖнинг “Кампирровот” сув тозалаш иншоотида бўлиб ўтган пресс-тур давомида маълум қилинди. ОАВ, ахборот хизмати ходимлари ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган ушбу тадбир давомида иншоотда сув тўртта босқичда фильтрланиб, аҳолига етказиб берилиши ҳақида маълумот берилди.

— Сув омборидан иншоотимизга йўналтирилган обиҳаёт дастлаб 14 та фильтрлаш ҳовузида зарарли моддалардан тозаланади, — дейди “Кампирровот” сув тозалаш иншооти раҳбари Абдумажид Мамасидиқов. — Бунинг учун кичик, ўрта ва йирик тиндиргичларда таркибидаги зарарли моддалардан тозаланади. Шундан сўнг 2 та 3600 м3 сиғимдаги ҳовузда суюқ хлор ёрдамида зарарсизлантирилади. Истеъмолга яроқли ҳолатга келтирилган сув Хонобод, Қорасув, Андижон шаҳарлари ва Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод, Булоқбоши туманлари аҳолисига етказиб берилади.

Истеъмолчиларга бир суткада 200 минг тонна сувни етказиб бераётган иншоот фаолияти билан танишар эканмиз, ичимлик суви хонадонимизгача етиб келгунига қадар бир қанча босқичларни босиб ўтишига гувоҳ бўлдик. Бир қултум сув қанча меҳнат эвазига бунёд бўлишини тушунгач, фойдаланилган тоза ичимлик суви учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш нақадар муҳимлигини англаб етдик.

— Афсуски, аксарият юртдошларимиз тўлов талабларига риоя қилмайди, — дейди тадбир иштирокчиси “Адолат мезони” газетаси мухбири Абдувоҳид Тожиддинов. — Бу эса Андижон вилоятида тоза ичимлик сувидан бўлган қарздорлик миқдори 169 миллиард 200 миллион сўмга етишига сабаб бўлди. Тадбир давомида билдикки, гарчи ҳудуд марказлашган тоза ичимлик суви таъминоти бўйича республикада етакчи ўринни эгаллаб, таъминланиш даражаси 85,5 фоизни ташкил этсада, энг арзон тўловни амалга оширувчи ҳудуд ҳисобланар экан. Қолаверса, сўнгги уч йил мобайнида сувни етказиб берувчи асосий манба — электр энергияси нархи бир неча маротаба оширилишига қарамай сув нархи ўзгармади.

Бу каби имкониятлардан тўғри фойдаланиш ўрнига қарздор бўлиб юрган фуқароларни кечириб бўлмайди. Мавзуга доир тарғибот ишларини амалга оширишда эса пресс турнинг аҳамияти катта бўлади, албатта.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер