Ичимлик сувидан қарздорликни бартараф этиш йўлида изчил иш олиб борилмоқда

11:25 26 Ноябрь 2023 Жамият
221 0

Фото: “Халқ сўзи”

Тоза ичимлик суви таъминотини сифатли йўлга қўйилишида фойдаланилган хизмат учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслик каби хатти-ҳаракатларнинг салбий таъсири катта бўлмоқда. Шунинг учун “Андижон сув таъминоти” МЧЖ томонидан мавзуга доир назорат тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Андижон шаҳрида давом этган тадбирда ҳам истеъмолчилик мажбуриятига амал қилмаётган ўндан зиёд хонадонлар аниқланиб, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилди.

— Тадбир давомида бир қанча маҳаллаларда истиқомат қилувчи истеъмолчиларнинг тўлов мажбуриятлари ўрганилди, – дейди жамиятнинг ахборот хизмати раҳбари Марҳабохон Насриддинова. — Мисол учун, “Мустақилликнинг 21 йиллиги” номли маҳалла фуқаролар йиғинини олайлик. Ушбу манзил 37 та кўчадан, 860 та хонадондан иборат бўлиб, жами 7200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шароитлар яхши! Жумладан, ҳудуд 100 фоиз тоза ичимлик суви билан, 90 фоиз оқова сув хизмати билан таъминланган. Бироқ, қарздорлик масаласида муаммолар мавжуд. Оддий мисол, маҳалланинг Ўзбекистон 3-тор кўчасидаги хонадонлардан бирини олайлик. Ушбу хонадонда истиқомат қилувчи истеъмолчилар йиллар давомида фойдаланилган хизмат учун тўловни амалга оширмаганликлари боис 7 миллион 53 минг сўм миқдоридаги қарздорлик вужудга келган. Тадбир давомида фуқароларга бу каби салбий ҳолатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан жавобгарлик хусусиятлари мавжуд эканлиги тушунтирилди. Шундан сўнг қарздорликнинг маълум бир қисми тўланди, холос. Афсуски, бу каби мисоллар ҳали мавжуд экан, демак, назорат тадбирлари ҳам давом этаверади.

Жамият томонидан йилнинг ўтган даври мобайнида 136 марта ана шундай назорат тадбирлари ташкил этилиб, натижада 260 миллион 321 минг сўм миқдоридаги қарздорликни ундиришга эришилди. Бу эса ҳудудларни сув билан таъминлаш, аҳолига тоза ичимлик сувини ўз вақтида етказиб бериш, хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишнинг асосий жиҳатларидан биридир.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер