Ибратли умр
Инсон умри давомида бирор мақсад сари интилиб яшайди. Ҳаётда ўз ўрнини топиб, жамият тараққиётида фаол иштирок этиб, айтишга арзигулик из қолдиришга ҳаракат қилади. Бунда аввало устозига суянади, унга эргашади. Шу боис ҳам халқимиз устозни отадан улуғ тутади. Айнан устоз бутун умри, билими ва тажрибасини шогирдлар камоли учун сарфлайди.
Баркамол авлод тарбияси инсониятнинг энг ёрқин орзуси бўлиб келган. Келажакда Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан юксак тараққий этган давлатгина бўлиб қолмай, балки билимдон, маънавий жиҳатдан етук фарзандлари билан ҳам жаҳонни қойил қолдиришига шубҳа йўқ.
Ал-Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри» асаридаги ғояни ёдга олсак, фозил инсон ўз юртининг барча қонун-қоидаларини яхши билади, унга амал қилади, фикрлайди, ўз касбини ардоқлайди, лозим бўлганда Ватани учун жон фидо этади.
Ана шундай фазилатларга эга устозни қуёшга қиёслашимиз бежиз эмас. Қуёш ҳаммага баробар нур сочганидек, у ҳам бутун билими ва маҳоратини шогирдларига улашади. Республикамизнинг атоқли ҳуқуқшунос олими Анвар Аъзамзхўжаевни қуёш янглиғ улуғ устозлар қаторида тилга олишга ҳақлимиз.
Мен бу беназир, тажрибали олимнинг қўлида таълим олганман. Ҳозирги Ўзбекистон Давлат Миллий университетининг юридик факультетида таҳсил кўраётганимда домланинг сермазмун маърузаларини тинглаб, ҳаёт дарсларидан баҳраманд бўлганман.
Домла ҳар бир машғулотни атрофлича, таҳлиллар асосида, жамият ҳаётига, кундалик турмушга боғлаб, юқори савияда ўтардилар, Саволларга эринмай жавоб қайтариб, талабалар дарс мазмунини тўлиқ ўзлаштирмагунча ўз вақтларини аямай сабоқ берардилар. Ҳуқуқшунос фақат қонун-қоидалар билан ўралашиб қолмасдан ҳаёт дарсини ҳам чуқур ўзлаштириши лозим, ана шунда жамиятдан узилиб қолмайди, бинобарин, адолат – ҳаёт мезони эканлиги ҳуқуқшуноснинг доимий шиори бўлиши кераклигини кўп уқтирардилар.
Камтарин, камсуқум бу инсон мамлакатимизнинг кўзга кўринган йирик олимларидан бири бўлсада, каттаю кичикка бир хил муомалада эдилар. Инсонийлик фазилатларини ўзида мужассам қила олган, уни шогирдларига ҳам бера билган устознинг муборак исм - шарифлари ёнига ҳар қанча қутлуғ сўзларни қўшса арзийди.
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш сари дадил ҳаракатлар кетмоқда. Бу буюк мақсадларнинг дебочаси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошланди.
Мамлакатимизда етук ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган Тошкент Давлат юридик институтининг фаолиятини йўлга қўйишда Анвар Аъзамхўжаев бош-қош бўлдилар.
Олий ўқув юртига малакали педагоглар танлаб олиниб, талабаларга чуқур билим бериш таъминланди. Бу билим даргоҳида ички ишлар идораларининг ходимлари ҳам сабоқ олаётганларини айтиб ўтиш жоиз.
Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда мустақил давлат сифатида қатор қонунлар тайёрланиб, ҳаётга татбиқ этила бошланди. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят — процессуал, Маъмурий жавобгарлик кодексларини тайёрлашда етук ҳуқуқшунос олимлар қаторида Анвар Аъзамхўжаевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Конституция – давлатнинг Бош Қомуси ҳисобланади. Республикамиз Асосий қонунини ишлаб чиқишда бир қатор йирик ҳуқуқшунослардан иборат комиссия таркибида у киши ҳам иштирок этди.
Анвар Аъзамхўжаев кўп йиллар давомида Тошкент давлат университети юридик факультетининг маъмурий ва молиявий ҳуқуқ кафедрасини бошқарганлар. Уларнинг бевосита раҳбарликлари остида ҳуқуқбузарлик, жамоат тартибини сақлаш учун маъмурий чоралар кўриш билан жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича илмий ишлар қилинди ва амалиётга татбиқ этилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари хусусан Ички ишлар вазирлиги тизимини ҳуқуқшунос кадрлар билан таъминлаш, уларнинг малакасини ошириш муҳим вазифалардан биридир.
Етук мутахассислар тайёрлаш учун вазирликнинг таълим муассасаларида ҳуқуқшуносликка оид фанларни чуқур ўргатиш юзасидан –Анвар Аъзамхўжаевнинг қимматли маслаҳатлари жуда қўл келган. Айни кунларда домланинг таълим – тарбиясини, илм сабоғини олган кўплаб шогирдлари тингловчи ва курсантларга ҳуқуқшунослик фанларидан таълим бермоқдалар.
Халқимиз Ўзбекистон Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси, юридик фанлари доктори, профессор Анвар Аъзамхўжаевни бутун умри, ҳаёт фаолиятини ҳуқуқшуносликка, уни ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасидаги хайрли ишларга сарфлаган йирик олим сифатида тилга оладилар. Устоз 30 дан ортиқ илмий асарлар яратиб, мамлакатимизда ҳуқуқшунослик илмининг ривожига салмоқли ҳисса қўшдилар.
Олим ижодига мансуб илмий асарлари орасида ички ишлар идораларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш борасидаги фаолияти, уларнинг ҳуқуқий демократик давлат қуриш шароитидаги ўрнига бағишланган рисолалари ҳам борлигини таъкидлаш зарур.
Ички ишлар идоралари ходимлари олим Анвар Аъзамхўжаев номини ҳурмат билан тилга олишларининг яна бир боиси, устоз шогирдларининг бир қисми вазирлик тизимида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилиб, берган сабоқларини ёшларга ўргатмоқдалар.
Юртимиз тинчлиги, осойишталигини сақлаш, барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ички ишлар идораларининг барча ходимлари Анвар Аъзамхўжаевни устозларнинг устози деб биладилар. Бугунги кунда ички ишлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалга ошишида ҳурматли домламизнинг шогирдлари фаол иштирок этаётган экан, демак устоз руҳи сўнмаган.
Жондай азиз бўлиб қолган Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги тантаналари давом этаётган ушбу кунларда устоз ўзлари тамал тошини қўйган янги, мустақиллик кунларидаги биринчи олий илм даргоҳи — ҳозирги Тошкент Давлат юридик университетининг ҳам ташкил топганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган ушбу тадбир ишига муваффақият тилайман.
Зокиржон АЛМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, Генерал-полковник.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг