“Ҳуқуқий автокарвон“: давлат хизматлари аҳолига яқинлашмоқда
Мирзаобод тумани адлия бўлими томонидан “Ҳуқуқий автокарвон” лойиҳаси доирасида “Оқолтин“ маҳалласида сайёр қабул ўтказилди.
Тадбир давомида фуқароларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилди. Шунингдек, кибержиноятларни олдини олиш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш ҳамда ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz нинг имкониятлари юзасидан тушунчалар берилди.
Сайёр қабул жараёнида 10 нафар фуқарога санаторийда даволаниш учун навбат олиш, кредит расмийлаштиришга тақиқ қўйиш, кадастр паспортини шакллантириш, солиқ қарздорликлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш ҳамда бошқа хизмат турлари бўйича сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
—Аҳолига ҳуқуқий ёрдамни янада яқинлаштириш, давлат хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратишда “Ҳуқуқий автокарвон” лойиҳаси муҳим аҳамият касб этмоқда,—дейди Сирдарё вилояти адлия бошқармаси масъул ходими Дилноз Умрзоқова. —
Мазкур лойиҳа орқали адлия органлари ходимлари маҳаллаларга чиқиб, аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказмоқда, уларни қийнаётган муаммолар жойида ўрганилаётир ва ҳуқуқий масалалар бўйича тушунтиришлар берилмоқда ҳамда давлат хизматлари кўрсатилаётир. Бу лойиҳа, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яшовчи фуқаролар учун катта қулайлик яратмоқда.
Маълум қилинишича, жорий йил бошидан буён 50 дан ортиқ маҳаллада “Ҳуқуқий автокарвон” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар ташкил қилинди. Ушбу тадбирлар давомида 100 га яқин ҳуқуқий муаммолар аниқланиб, уларнинг ечими юзасидан амалий ёрдам берилди, шунингдек, 215 нафар фуқарога сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи“.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг