Ҳуқуқ ва манфаатларимиз кафолати

12:03 19 Ноябрь 2024 Жамият
224 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона мамлакатимизда аҳоли нуфузи бўйича Самарқанддан кейинги ўринда туради. Бу инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида вилояти касаба уюшмалари зиммасига ўзига хос улкан масъулият юклайди.

Айни пайтда вилоятда 4 мингга яқин бошланғич касаба уюшмалари ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган. Бундай уюшмалар ўз таркибида қарийб 600 минг нафар аъзоларни жамлаган.

— Сўнгги беш йилда юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган 550 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чикилди, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев. — Янги Меҳнат кодексини амалиётда қўллаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу борада халқаро меъёр ва андозалар амалиётга татбиқ этилди.

Вилоятда меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ташкил қилиш, ишчи-ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолининг турли қатламлари ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишда давлат органлари билан ижтимоий шериклик масаласида салмоқли натижага эришилмоқда.

Жорий йилда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари саъй-ҳаракати билан 551 нафар ишчи-хизматчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 3 млрд. сўмга яқин маблағ ундирилди. Касаба уюшмалари фаоллари томонидан ёз мавсуми давомида вилоят бўйича 10 минг 600 нафар болаларнинг оромгоҳларда дам олишлари ташкил этилди. 7 минг 100 нафар ходимлар, уларнинг оила аъзолари, фахрийларни тизимга қарашли сиҳатгоҳларда имтиёзли тарзда соғломлаштирилгани, корхона-ташкилотларда меҳнат қилаётган 21 мингдан зиёд ишчи-ходимларнинг юртимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлари ташкил этилгани алоҳида эътирофга сазовор.

Вилоятда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда касаба уюшмаларининг кўмаги беқиёс. Ижтимоий дафтарга киритилган хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ҳамда орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришда Фарғонада ўзига хос тажриба мактаби шаклланди.

Касаба уюшмалари томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда “Норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш” лойиҳасини амалга оширишга киришилди. Бундай ташаббуслар юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш билан бирга, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини тезлаштиришда муҳим омил бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер