Ҳукумат қарори билан “Ибратли оила” кўкрак нишонини бериш тартиби белгиланди

16:28 02 Январь 2024 Жамият
1076 0

Қарор(437-сон, 02.09.2023 й.)га кўра, ушбу кўкрак нишони билан фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган намунали оилалар тақдирланади.

Шунга мувофиқ:

— Ҳар йили 1 мартгача Хотин-қизлар фаоллари, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар шакллантирилади.

Таклифлар туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига тақдим этилади.

— Ҳар йили 15 мартгача номзод оилалар ҳар томонлама ўрганилиб, 15 апрелгача энг муносиблари бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

Номзод оилалар танланаётганда, жумладан, қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

оилада ва жамоат жойларида кутубхоналар ташкил этган;
оила аъзолари илмли, зиёли бўлган, шунингдек, илмий даражага эга бўлган;
ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка, ҳомийликка олган;
оилавий спорт билан шуғулланиб, республика ва халқаро даражадаги ютуқларга эришган;
оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган.

Кўкрак нишони билан мукофотланган оилалар 15 май – Халқаро оилалар куни байрами арафасида тантанали тақдирланади.

Тақдирланган ибратли оилаларга БҲМнинг 4 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

Кўкрак нишони билан тақдирланган оилалар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойларнинг кириш қисмига “Ибратли оила” белгиси ўрнатилади.

Бир оила кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур кўкрак нишони Президентнинг 2022 йил 7 мартдаги фармони билан таъсис этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер