Ҳудудда ўтказилган парламент назорати доирасида ижобий натижалар билан бирга қатор камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги аниқланди
Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг самарали ижро этилиши ҳамда ижтимоий соҳа объектларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан парламент назоратини олиб бормоқда.
Хусусан, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Анвар Тўйчиев бошчилигидаги маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида ўрганишлар олиб борди, аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказди.
Ўрганишлар давомида Қарши шаҳри, Қарши, Касби, Ғузор ва Қамаши туманларида Президент, Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифалар ижроси, ижтимоий объектларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатларига эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоиз, Қашқадарё вилоятида 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 41 трлн 646 млрд сўмни, ўсиш суръати 4,5 фоизни ташкил қилди. ЯҲМ таркибида саноатнинг улуши 26 фоизни, қишлоқ хўжалиги улуши 36 фоизни, хизмат кўрсатиш улуши 38,5 фоизни ташкил этди.
Жорий йилнинг 9 ойида саноат ишлаб чиқариш 7,0 фоизга, қурилиш - пудрат ишлари 9,0 фоизга, қишлоқ хўжалиги3,6 фоизга, хизмат кўрсатиш 9,4 фоизга, чакана савдо 5,6 фоизга ўсган.
Жорий йилнинг ўтган даврида жорий йилги Дастурга асосан 2 551 та янги хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиб, 5 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давомида вилоятда эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги аниқланди.
Жумладан, Қарши шаҳрининг “Истиқлол” МФЙда жойлашган 28-сон мактабгача таълим ташкилотини таъмирлаш ишлари ўз муддатида бошланмаган. Бугунги кунда, объектда 46 % ишлар бажарилган холос.
“Шодлик” МФЙ ҳудудида 54 та кўп қаватли уйларнинг ички иситиш тизимлари ҳолати ўрганилганда, ушбу кўп қаватли уйлардаги ётиқ ва тик қувурлар ҳамда хонадон ичидаги иссиқлик таъминоти қурилмалари (батарея) яроқсиз ҳолга келиб қолган ёки умуман мавжуд эмаслиги аниқланди.
Қарши туманида Ҳукуматнинг 2020 йил 27 августдаги 519-сонли Қарорига мувофиқ, Қарши туманидаги “Мевазор” МФЙда 10 та 5 қаватли бир йўлакли уйлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 7 та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилган. Қолган 3 та кўп қаватли уйларда ҳам қурилиш ишлари давом этмоқда.
Касби тумани “Оқжангал” МФЙ 180 ўринли МТТнинг қурилиш ишлари кеч бошлангани сабабли бажарилган иш ҳажми 60 фоизни ташкил этмоқда. Қурилиш ишларини якунлаш учун барча ресурсларни жалб этиш ва объектни белгиланган муддатда топшириш бўйича ишчи гуруҳ томонидан кўрсатмалар берилди.
Ғузор тумани кўп тармоқли тиббиёт масканида эса куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди. Иссиқлик таъминотини ўз вақтида етказилиши юзасидан тегишли тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, Қамаши туманидаги ўрганишлар давомида эса ижтимоий объектлар кўздан кечирилди. Хусусан, тумандаги “Қорасув” МФЙ 72-сонли мактаб ҳолати куз-қишга тайёр ҳолатга келтирилган.
Ўрганишлар натижаларини Олий Мажлис Сенатида муҳокама қилиш режалаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг