Ҳозирги замон педагогика фанининг ўрганиш объекти

09:41 18 Май 2023 Жамият
877 0

Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳасида катта ўзгаришлар юз бермоқда. Миллий ривожланишнинг янги даврига қўяётган дадил қадамларини, ҳеч иккиланмасдан, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда, десак, айни ҳақиқат.

Айниқса, ҳозирда ҳамма билиб, кўриб турганидек, бутун инсоният олами ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Бутун ер юзида иқлим кескин ўзгариб, табиат инжиқликлари одамлар ҳаётига қийинчиликлар солиб, экомуаммолар катта табиий хатарларни кўрсатиб, барқарор ҳаётимизга хавф солмоқда.

Қолаверса, мамлакатлар ўртасидаги сиёсий мажороларни ортиб бориши ҳозирги дунёда халқаро ишончни йўқотиб, эртанги тинч ҳаётимизга ваҳима солмоқда. Бироқ, шундай таҳликали ходисаларни намоён бўлишига қарамай мамлакатимизда давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланди.

Демак, Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мазмуни инсонга, унинг фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришига хизмат қилишдан иборатдир.

Вақт ва йиллар ўтиб, кишилик жамиятининг кафолатланган тинч ва фаровон ҳаётини кимлар яратади, деган ўринли савол туғилади. Албатта, маърифатпарвар боболаримизнинг таъбири билан айтганда, нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади.

Шу боис ҳам жорий йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилди. Бу йилда мактабларда таълим сифатини яхшлаш, ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, уларга шарт-шароитлар яратиш муҳим вазифалардан этиб белгиланди.

Янги таҳрирдаги Конститутциямизнинг тегишли моддасида Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қиматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади, деб кўрсатиб қўйилди. Ўқитувчи-муаллимларга берилган бу катта мақом, касб эгаларининг жамиятимиздаги обьрўси ва уларга кўрсатилаётган ҳурмат-эътиборнинг намунасидир.

Янги Ўзбекистонда умумтаълим мактабларига янгича ёндашувининг ўзига хос сиёсатини, ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларини ўрганиш, соҳага мос етук кадрлар салоҳиятини тайёрлаш ҳозири педагогика фанининг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади.

Умумтаълим мактабларининг раҳбар ходимлари маънавиятини ривожлантириш механизмларини такомиллаштириш ўз-ўзидан бўлиб қолмайди.

Бунинг учун биринчидан, умумтаълим мактабларида ишлаётган педагоглар, айниқса, раҳбар ходимларнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгармоғи керак.

Иккинчидан, бугунги янгиланишлар жараёнида маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммоларга бўйсунмаслик керак.

Учинчидан, бу соҳадаги чет давлатлар тажрибасини ўрганиш, ютуқларга асосланган тажрибаларини амалиётимизга тадбиқ этиш ҳам ижобий кўратқичларни беради.

Тўртинчидан, Янги Ўзбекистон учун янгича ёндашув билан жорий этилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар лавозимларидан оқилона фойдаланиш, уларнинг фаолиятларини жонлантириш, ижодкор, фаолларини аниқлаб, заҳира кадрлар тизимига қамраб олиш ва уларнинг ижодий фаолиятлари орқали узоқ йиллардан буён бесамара ишлаб келаётган мактаб раҳбар ходимларига таъсир кўрсатишлари амалиётини қўллаш лозим.

Бешинчидан, 2-3 йил давомида ўз касби соҳасида ҳеч қандай лойиҳани жорий эта олмаган, қотиб қолган, “кун ўтса бўлди” қабилида ишлайдиган раҳбар ходимлардан воз кечишни тизимга жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Олтинчидан, таълим муассасаларини бошқаришда миллий давлатчилигимиз тарихи, буюк аждодларимизнинг бой тажрибаларини ҳаётга кенг татбиқ этиш асосий воситалардан ҳисобланади.  

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2023 йилдаги устувор йўналишнинг бири этиб, бошқарувнинг ихчам ва самарали тизимига ўтиш таклифини илгари сурди. Бу нафақат вазирлик идораларини қисқартирибгина қолмай, ихчам натижага ишлайдиган тизимни, жорий этилган тизимга ярайдиган кадрлар салоҳиятини ҳам назарда тутди.

Бошқарув фаолиятини муваффақиятли амалга оширишнинг раҳбар шахсига, яъни унинг ишга масьулятлилиги, билими, меҳнатсеварлиги, ростгўйлиги, замонавийлиги, соғлом фикр юритиши, кийиниш маданияти, муомала одоби, ахлоқийлиги, устозларга ҳурматда бўлиши, шогирдларга иззат кўрсатиб ишлаши, камтар бўлиши, ўз устида изланиб ишлаши, ташаббускорлиги каби қатор хусусиятларига боғлиқлиги муҳимдир. Обрў ва эътиборга эга бўлган ходимга хос хусусиятлардан яна бири — илмий ишларни афзал ибодатлардан, деб билишидир.

Хусусан, бугунги умумтаълим мактаблари раҳбар ходимларининг шахсий аҳлоқий маданияти — шахснинг ахлоқий онги орқали жамият маънавиятини идрок этиш, унинг талаблари таъсири остида хатти-ҳаракатларида намоён бўлади.

Афлотун ҳар бир одамнинг қалбида қарама-қарши, ўзаро туташ жуфт қувватлар бўлишини айтган. Яъни, бири таҳсинга сазовор, иккинчиси ҳайвоний қувватлардир. Таҳсинга сазовор бўлган кучни ривожлантириш учун тинмай қилинган меҳнат, матонат яхши натижаларга эриштиради.

Президентимиз таъкидлаганидек, таълим-тарбия мактаб остонасидан бошланди. Демак, ёш авлодни келажакка муносиб қилиб тарбиялаш, билим, касб-ҳунар сирларини ўргатиш ҳозирги замонда, аввало, ўқитувчи, муаллимларга боғлиқ эканлигини ҳаммамиз сезиб-билиб турибмиз.

Шундай экан, ўқитувчилар фаолиятларини мувофиқлаштириб, улар ишини тўғри йўлга қўядиган, уларга ўрнак бўладиган таълим муассасалари раҳбар-ходимларининг маънавиятини ривожлантириш механизларини ўрганиш, такомиллаштириш усул ҳамда воситаларини илмий асослаб, татбиқ этиш ҳозирги замон педагогика фанининг ўрганиш объекти бўлиб қолади.

Равшаной ЖЎРАБОЕВА,

Қори Ниёзий номидаги Республика педегогика фанлари илмий текшириш институти тадқиқотчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер