Ҳозирги карантин даврида барчасига кўниб яшаётганимиз Тенгиз кўрган азоблар олдида ҳеч нарса эмас — Ж.Пиязов

17:51 19 Август 2020 Маданият
2175 0

Куни кеча «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Қорақалпоқфильм» ДУК томонидан суратга олинган «Тенгиз» бадиий фильмининг очиқ осмон остидаги намойиши бўлиб ўтди.

Агентлик ҳовлисида ташкил этилган Медиа клубнинг навбатдаги ёпиқ премьерасига киноижодкорлар, депутатлар, журналистлар ҳамда блогерлар ташриф буюришди. Премьера аввалида Агентлик директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Кино арбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчоновлар сўзга чиқиб, ўзбек кино соҳасидаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида гапирди. Қорақалпоғистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязовнинг премьера меҳмонлари учун жонли ижрода қўшиқ куйлаб бергани намойишга янада илиқлик олиб кирди. Агентлик ҳовлисида қорақалпоқ халқининг урф-одатлари, Орол денгизининг мавжланиши, бўроннинг увиллаши каби муҳит ҳукмрон бўлди. Медиа клуб аъзолари премьера сўнгида «Тенгиз» бадиий фильми ва фильм ижодкорлари ҳақида қисқача ўз фикрларини билдиришди.

Шерзодхон Қудратхўжаев, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раиси:

— Фильмга ҳаётий воқеалар асос қилиб олингани ҳамда ҳеч қандай сохталик мавжуд эмаслиги билан томошабинга манзур бўлди. «Тенгиз» образи орқали Мўйноқнинг қисмати, кечмиши, дарди ва қанчалик умидлари юксак эканлигини илғаш мумкин. Ўнг қўли ва оёғидан айрилган аёл ўзида куч топиб фильм орқали қисматга ҳар доим ҳам кўниш керак эмаслигини исботлаган. Инсон истаса, тақдирни ўзгартира олиши мумкин эканлигини кўрсатиб берган. Фильмнинг қорақалпоқ тилида бўлишини ҳам жуда хоҳлардим. «Тенгиз» қорақалпоқ халқининг этномаданияти, урф-одатлари, қорақалпоқликларнинг характери билан таништирувчи фильм бўлган. Пандемия шароити бўлишига қарамасдан ушбу фильмнинг яралишида хизмат қилган барча киноижодкорларга раҳмат айтиш керак!

Женисбек Пиязов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Бош қаҳрамон Тенгизнинг қийналганини кўриб ўзимга сабоқ олдим. Бизнинг ҳаётда кўрган қийинчиликларимиз ёки ҳозирги карантин даврида барчасига кўниб яшаётганимиз Тенгиз кўрган азоблар олдида ҳеч нарса эмас. Кино менга янада куч берди. Мен кўрган Мўйноқ, мен яшаган Қорақалпоқ халқида умиднинг пайдо бўлгани учун ҳам фильм қалбга етиб борди. Фильм ичида трагедия билан бирга озгина бўлса-да, комедиянинг мавжудлиги томошабинни зерикишдан сақлаб қолди. «Тенгиз» бадиий фильмининг қувончли якун топгани эса менда ижобий таассурот қолдирди.

Расул Кушербоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Фильмда бугунги кунда Қорақалпоғистондаги мавжуд шароит, унинг босиб ўтаётган йўли, айниқса, Мўйноқнинг ўтмиши, ҳозирги кундаги ҳолатига параллель равишда инсон тақдири билан олиб чиқишга ҳаракат қилинган. Бош қаҳрамон Тенгиз мисолида Мўйноқни тушунишимиз мумкин. Ҳаёт ҳеч қачон тўхтаб қолмайди, инсоннинг иродаси кучли бўлса, ҳаммасининг уддасидан чиқади. Инсониятнинг дунёга келишидан асосий мақсад ҳам шу. Фильм муваффақиятли чиққан. Шунчаки вақт ўтказадиган эмас, нимадир ўрнак олса бўладиган фильм яратилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер