Ҳоким ёрдамчиси ташаббускор бўлса, маҳаллада ишсизлик йўқолади

18:55 02 Февраль 2023 Жамият
849 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 декабрдаги «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ўтган йили жойлардаги МФЙда ҳоким ёрдамчилари иш бошлаган эди.

Бугун ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда, маҳаллаларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишда ҳоким ёрдамчиларининг ҳиссаси сезиларли ошиб бормоқда, десак янглишмаймиз. Бевосита уларнинг саъй-ҳаракати билан жойларда ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш чоралари амалий тасдиғини топмоқда.

Самарқанд вилояти Ургут туманининг «Совғон» маҳалла фуқаролар йиғинида бугунги кунда 5,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда бандлик даражасини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳоким ёрдамчиси томонидан ўтказилган дастлабки хатлов натижасига кўра, маҳаллада 176 нафар ишсиз фуқаро аниқланган. Шунга кўра ҳоким ёрдамчиси ишни ишсизликни бартараф этиш, даромадсиз оилаларнинг даромад манбаини яратишдан бошлади.

— Дастлаб маҳалладаги мавжуд 1 минг 78 та хонадонга уйма-уй кириб, уларнинг шароити ва бандлигини ўрганиб чиқдик, — дейди «Совғон» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Матлаб Исмоилов. — Жумладан, 68 нафар фуқарога ер берилди, 61 нафарига ўзини ўзи банд қилиш мақсадида турли имтиёзли кредитлар ажратилди. Боқувчисини йўқотган, кам таъминланган 5 нафар аёлга тикув машиналари олиб берилди. Маҳалламизга ажратилган 956 миллион сўм имтиёзли кредитни мақсадли сарфлаб, аҳолининг бандлигини таъминлаяпмиз. Ҳозирда маҳалламизда иш билан банд бўлмаган бирорта ҳам киши қолмади.

Хуллас, бугунги кунда мазкур маҳаллада картошкачилик, иссиқхоначилик, товуқчилик ва қуёнчилик кенг йўлга қўйилган. Бундан ташқари кўплаб тадбиркорлик субъектлари ҳам иш бошлаган. Бу эса оилаларга қўшимча даромад киритмоқда.

Маҳаллада истиқомат қилувчи Нилуфар Мелиқулова айнан ҳоким ёрдамчисининг кўмагидан миннатдор аҳоли вакилларидан бири.

— Ўтган йили ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан 22 миллион сўм кредит олиб, тикув цехини очдим, — дейди Нилуфар. — Шу қисқа вақтда ўнлаб шогирдлар тайёрладим. Ҳозирда ўндан зиёд ишчи ўрни яратганман. Бизга мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларидан кўпроқ буюртмалар бўляпти. Бундан ташқари кўйлак, костюм-шим, парда тиктирмоқчи бўлган маҳалладошларимизнинг қадами узилмайди. Даромадимиз ишимизга яраша - баракали. Муҳими, рўзғоримиз бут, ишимиз тайин, кунимиз беҳуда ўтмаётганига шукр.

Айтгандай, маҳаллада ўз маблағлари ва имтиёзли банк кредити асосида битта оилавий мактабгача таълим ташкилоти ҳам ташкил қилинди. Айни вақтда мазкур боғчада 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган 50 нафар кичкинтой таълим-тарбия оляпти.

Маҳалла фуқаролар йиғинида иш қизғин, бу йилги режалар ҳам улкан. Ҳоким ёрдамчиси етакчилигида йил давомида рўёбга чиқариладиган янги лойиҳалар, меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар учун иш ўринлари яратиш устида ишланмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер