Ҳоким фермерга тўн кийдирди

23:13 09 Июнь 2021 Жамият
810 0

2021 йил ҳосили учун Бағдод туманида ташкил этилган «Бағдод қишлоқ хўжалиги техника ММТП» МЧЖ ғаллачилик кластери томонидан 7 минг 860 гектар ерда ғалла парваришланиб, сифатли ва мўл ҳосил етиштирилди.

Ғалла мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида 26 та ўрим-йиғим отряди ташкил этилди ва 30 га яқин юқори унумли комбайнларда элимизнинг ризқ-насибаси йиғиб олиняпти. Бу йил ўнлаб бағдодлик фермерлар ҳар гектар ердан 85, 100 центнергача ҳосил олишни мақсад қилишган.

Марказий Фарғонанинг деҳқончилик қилиш учун ноқулай чўл ҳудудида жойлашган Сойибжон Мелиев бошчилигидаги «Мажнунтол ифори» фермер хўжалиги аъзолари 44,4 гектар ерда парваришланган ғалла майдонидан қисқа иш кунида 120 тоннадан зиёд қирмизи дон олиб, туманда биринчи бўлиб шартнома режасини бажаришга муваффақ бўлди. Ҳосилдорлик оғир чўл шароитида ўртача 65 центнерни ташкил этмоқда.

Бағдод туман ҳокими Восилжон Назаров фермер хўжалиги даласида бўлиб, фермерни улкан ютуқ билан қутлади ва унга туман ҳокимлигининг эсдалик совғаларини топширди.

— Қишлоқ хўжалиги тармоқларига илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар кенг жорий этилаётгани ўз самарасини бермоқда,-деди туман ҳокими В. Назаров. – Ўтган қисқа фурсатда чўл шароитида фермерларимиз ердан икки-уч ҳисса кўпроқ ҳосил ва даромад олишга эришяпти. Бу фермер хўжалиги аъзолари ҳам режани бажарди. Аммо ҳали ўрилмаган ғалла майдонлари бор. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, хўжалик аъзолари жорий йилда ғалладан 350-400 миллион сўм атрофида даромад олиши кутиляпти.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер