“Himchan” билан ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

16:33 02 Октябр 2023 Жамият
330 0

Фото: “Халқ сўзи”

Жанубий Кореянинг “Korea medical fund Sangwon Clinik Himchan” клиникалар тармоғи бундан тўрт йил муқаддам Бухоро шаҳрида ўз шифохонасини ишга туширган эди.

Корейс инвесторлари лойиҳани рўёбга чиқариш учун 7,1 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғрида- тўғри сармоя киритишган. Умумий майдони 2 гектардан зиёд ҳудудни эгаллаган мазкур шифо маскани “Korea medical fund Sangwon Clinik Himchan” нинг Марказий Осиёдаги ягона клиникаси саналади. Бундан ташқари, унинг Бирлашган Араб Амирликлари ва Россия Федерациясида филиали мавжуд. “Himchan” клиникасида суяк ва бўғим хасталигининг оғир даражалари билан оғриган беморларни даволаш имконияти бор. Бошқача айтганда, бу каби хасталикларга шифо излаб хорижга боришнинг ҳожати йўқ.

Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, 90 та шифо ўрнига эга клиникада танлов асосида ишга олинган маҳаллий шифокор ва ҳамширалар меҳнат қилишмоқда. Уларнинг кўпчилиги Жанубий Кореяда касб малакаларини оширишган.

Ортда қолган тўрт йил клиника жамоаси учун ҳам, корейс клиникалар тармоғи масъуллари учун ҳам ўзига хос тажриба, синов вазифасини ўтади, албатта. Муҳими, юзлаб юртдошларимиз ўз дардларига шифо топиб, оилалари бағрига қайтдилар. Бир гуруҳ эҳтиёжманд беморлар вилоят ҳокимлиги тавсияси асосида Жанубий Кореяда бепул операция қилинди. Бинобарин, эндиликда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мавриди келди. “Korea medical fund Sangwon Clinik Himchan” клиникалар тармоғи раҳбари Ли Су Чан ва “Sangwon medical Fundation” фонди раиси Пак Хе Ёнг шу мақсадда юртимизга ташриф буюриб, Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов билан учрашди. Мулоқотда тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик юзасидан тегишли битим имзоланди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер