“Ҳеч”дан кўра “кеч” яхши эмасми?

14:23 08 Январь 2021 Жамият
2201 0

Вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилаётган қонун лойиҳасининг илгари сурилиши муносабати билан айримлар уни “кечиктирилган қонун ташаббускорлиги” сифатида ҳам баҳолашмоқда.

Буни, бир томондан, тушуниш ва шундай “баҳолаш” ҳам мумкин. Зеро, “вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш” “азоб”ини, бир пайтлар, ўзим ҳам иссиқ танамда анча олдин “татиб” кўрганман. Масалан, 3-синфдалигимдан бошлаб, то ўрта мактабни битиргунимча бу “бало”дан қочиб қутула олмаганмиз. Бундан ўша пайтдаги тенгдошларимнинг барчаси “баҳраманд” бўлишган. Ўшандан ҳозиргача 50 йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, кўлами кейинги 4-5 йил ичида кескин қисқарган бўлишига қарамасдан, унинг турли-туман “кўриниш”лари ҳамон сақланиб қолмоқда. Улар эса, ўз навбатида, қатор ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва ҳ.к. муаммоларни келтириб чиқармоқда. Жумладан, мамлакатимизнинг халқаро қиёфасига ҳам у ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда...

Нега? Бизнингча, бунинг энг асосий сабабларидан бири — таъсирчан ҳуқуқий асоснинг етарли даражада эмаслиги. Шу боис, вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилаётган қонун лойиҳасининг илгари сурилишини, иккинчи томондан, яъни, кеч бўлса-да, лекин шундай бўлишига қарамасдан, тегишли муаммони ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган зарурий қадам (ҳолат) сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқ. Шунинг учун унга кесатиқ тарзда ёки аччиқ қилиб “кечиктирилган қонун ташаббускорлиги” сифатида эмас, балки айнан биз таъкидлаган тарзда ёндашиш ўзининг маъносига эга. Зеро, доно халқимизда “Ҳеч”дан кўра “кеч”, деб бежиз айтилмаган. Шу маънода, айни пайтда ҳар бир қилинаётган ишга яхшилик нуқтаи-назаридан қараб, уларни янада таъсирчан ва самарали бўлишига ҳисса қўшиш алоҳида аҳамият касб этади. 

Тоҳир МАЛИКОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер