Ҳеч ким суд қарорисиз мулк ҳуқуқидан маҳрум қилишга ёки уни чеклаб қўйишга ҳақли эмас!
Кейинги йилларда мамлакатимизда мулк дахлсизлиги борасида қатор ишлар амалга оширилиб келинди. Бироқ мавжуд муаммоларнинг сақланиб қолаётганлиги бу йўналишда яна ислоҳотлар зарурлигини тақозо этмоқда. Шунинг учун ҳам «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кенг муҳокамага қўйилди.
Аслида мазкур ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишдан мақсад нима? Албатта, биринчи навбатда, хусусий мулкнинг дахлсизлигини такомиллаштириш, аксарият доимий мурожаатларга сабаб бўладиган туман, шаҳар, вилоят ҳокимларининг қарорлари асосида ер участкаларини олиб қўйишга, ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқларини ва ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини тугатишга қонунчилик даражасида тақиқ белгилаш ҳамда ушбу масалаларни ҳал этишни судга топширишдан иборатдир.Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси эса мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Бундан бир неча йил муқаддам узоқроқ бир қариндошим айни масалада жуда қийналганди. Тадбиркорлиги маълум муддат тўхтаб қолгач, биноси айрим мутасаддилар томонидан ҳали суд ҳукми чиқмай туриб олиб қўйилганди. Югур-югур, сарсонгарчиликлари ҳавога учганига ўзим гувоҳ бўлгандим ўшанда. Негадир ўшанда ҳеч бир ҳужжат «гапирмаган» экан-да.
Қонун лойиҳасини кўриб чиқаётиб, шу воқеа ёдимга тушди. Ушбу лойиҳа тасдиқланса, ҳеч ким суд қарорисиз мулк ҳуқуқидан маҳрум қилишга ёки уни чеклаб қўйишга ҳақли эмаслиги қонунда мустаҳкамлаб қўйилади. Албатта, бундан мол-мулкни национализация, мусодара ва реквизиция қилиш ҳоллари мустасно.
Шунингдек, лойиҳа аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган меъёрларни ҳам назарда тутиши билан аҳамиятли эканини таъкидлашни истардим. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасига биноан фуқароларнинг Конституция ҳамда қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас, Конституциянинг 16-моддасига кўра эса, бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас. Шу муносабат билан «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирувни мол-мулкка қаратиш, мол-мулкни национализация ва реквизиция қилиш ҳолларини истисно этганда мулк ҳуқуқидан суднинг қарорисиз маҳрум этишга ёки бу ҳуқуқни чеклашга ҳеч ким ҳақли эмаслигини назарда тутувчи ўзгартиш киритиш таклиф этилмоқда.
Таклиф этилаётган ўзгартишлар мулкдорлар ҳуқуқларини, уларни ўз мулкига бўлган мулк ҳуқуқидан асоссиз равишда маҳрум этишдан ҳимоя қилиш кафолатини, ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларининг ўрни тўлиқ қопланишини, мулкдорларнинг давлатга ва унинг органларига бўлган ишончи ортиши таъминланишини асослайди.
Умидахон ЗОКИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг