Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди!
Фото: "Халқ сўзи"
Ҳар йили 3-декабрь санасида “Халқаро ногиронлар куни” байрам сифатида нишонланади. Бундан кўзланган асосий мақсад бутун дунёда ногиронлиги бўлган инсонларнинг барча кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида уларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.

Юртимизда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими томонидан ҳам ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида вилоятдаги ногиронлиги бўлган 60 нафар фуқароларга 22 миллион сўмлик, шундан 6 нафарига ногиронлик аравачалари, 55 нафарига эса эҳтиёжига кўра кийим-кечаклар берилди.

Шунингдек, Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг тегишли қарорига асосан фонднинг Самарқанд шаҳар бўлинмаси қошида ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисоб рақамидан катталар ва болалар учун мўлжалланган 53 дона ногиронлик аравачалари харид қилиш учун 79,3 миллион сўм, 30 дона катталар эшитиш мосламаси харид қилиш учун 40,5 миллион сўм ҳамда 12 дона юриш мосламаси (ходунок) харид қилиш учун 7,6 миллион сўм, жами 127,4 миллион сўм маблағлар йўналтирилди.

— Олтмиш олти ёшдаман ва ҳозирги кунда кўзларим ожизлиги учун ногиронлик аравачасига эҳтиёжим бор эди, — дейди Самарқанд шаҳридаги “Ҳумо” маҳалласида яшовчи Аълам Эшонқулов. — Халқаро нигиронлар куни муносабати билан менга ҳам шундай аравача совға қилишди. Бундай эътибордан мамнун бўлдим.
Худди шундай хайрия тадбирлари фонднинг ҳудудий бўлинмалари томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилди.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг