Ҳазрати Башир қишлоғи мўъжизаларга бой
Китоб туманидаги Ҳазрати Башир қишлоғи нафақат туман ёки вилоят, балки мамлакатимиздаги энг номдор қишлоқлардан бири ҳисобланади. Ҳисор тоғ тизмаларининг пурвиқор қоялари узра ястаниб ётган бу қишлоқ ўзининг сўлим ва бетакрор табиати, шу ерда мангу қўним топган машҳур шайхлари, авлиёлари, уларнинг номи билан аталадиган улуғ қадамжолари билан машҳур. Қишлоқнинг номи ҳам шу ерда туғилиб, яшаб ўтган улуғ авлиё – Ҳазрати Башир номи билан боғлиқ.
Манбаларга кўра, 1367 йилда буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг пири Саид Бараканинг укаси Саид Неъматуллоҳ шу ердан ўтаётиб, тоғ этагидаги Қоплотун қишлоғидаги кекса деҳқон — Ҳожи Ҳасан отанинг уйида меҳмон бўлади. Суҳбат асносида эр-хотиннинг фарзандсиз эканини эшитган улуғ пир уларга фарзанд тилаб дуо қилади. Мўъжизани қарангки, орадан 9 ой ўтиб, яъни 1368 йилда оилада ўғил фарзанд туғилади. Унга Султон Сайид Аҳмад дея исм қўяди. Бу вақтда Ҳазрати Башир бобомизнинг оталари Хожа Ҳасан 90 ёшда, оналари Биби Малокат 80 ёшда бўлади. Ота-онаси кексалиги сабабли чақалоқ кўкрак сутидан маҳрум эди. Шу сабабли уни кичиклигиданоқ Бешир, яъни сутсиз деб атайди.
Ривоятларга кўра, чақалоқ туғилгач Аллоҳнинг мўъжизаси билан уларнинг ҳовлисидаги катта чинор остида чашма пайдо бўлиб, Ҳазрати Башир ушбу булоқ сувини ичиб катта бўлади. Табиат унинг иккинчи онаси бўлиб, бир умр табиат қўйнида истиқомат қилади. Ҳазрати Башир умри давомида одамларни меҳрли, оқибатли, диёнатли бўлишга, ҳалол ризқ топишга, ўз қўл кучи билан яратилган маҳсулотни истеъмол қилишга чақирган. Ўзи ҳам бунга ўрнак бўлган.

У 25 ёшларида қишлоқдан 10 чақирим юқорига, Қизилқояга кўчиб ўтади. Юртнинг турли гўшаларига сафар қилади. Маълум муддат Андижонда яшайди. У ердан қайтгач Мирзо Улуғбек билан ёзишмада бўлади. Улар турли илмлар борасида фикр алмашишади. Қайд қилинишича, Мирзо Улуғбек Самарқанд хирожининг бир қисмини Ҳазрати Баширга бериб турган, у бўлса ушбу маблағни ҳозирги Панжикентда катта масжид қуриш учун сарфлаган.
Тахминан саксон ёшида унинг олдига Самарқанддан Али Қушчи келиб, бу ерда 7 йилча яшайди. Аммо Улуғбек сафдошларининг қувғинга олиниши натижасида Ҳазрати Баширнинг маслаҳатига биноан у она юртини тарк этади. Ҳазрати Башир 96 ёшида оламдан ўтади. Бугун бу жой ҳар куни юзлаб зиёратчилар ташриф буюрадиган қутлуғ қадамжога айланган.
Ҳазрати Башир бобомизнинг зиёратига келсангиз, уловингизни Ниёзтепадан бироз қуйида қолдириб яёв одимлайсиз. Йўл бўйи табиатнинг турли мўъжизалари қарши олади. Улардан бири Ҳазрати Башир бобомиз ёшлигида сувини ичиб катта бўлган булоқ ҳисобланади. Ҳозир бу булоқ сувнинг бир қисми «Қашқадарё» дарёсига бориб қуйилса, бир қисми қишлоқдаги юзлаб хонадонларни ичимлик суви билан таъминлаб турибди. Булоқ суви шифобахш хусусиятга эга. Айниқса, ички касалликларни даволаш ва олдини олишда унинг фойдаси катта. Сўнгги йилларда ўтказилган лаборатория синовлари ҳам буни тасдиқлаган.

Булоқ ёнидаги улкан ва улуғвор чинор ҳам ҳамон атрофга салобат бахш этиб турибди. Яна бироз нарида тилсимотларга тўла қадимий ғор мавжуд. Аҳоли бу жойни чиллахона деб атайди. Ушбу ғор кейинчалик Ҳазрати Башир отанинг тариқатларини давом эттирган шогирди ва издоши Жунайдулло Исломшайх ўғли Ҳозиқ томонидан қазилган.
Жунайдулло Исломшайх ўғли Ҳозиқ Ҳазрати Баширнинг қабрини обод қилиб, бу ерда мақбара қурдирган. Сўнг ўзи таркидунё қилиб, ушбу ғорда ҳаёт кечирган. Ниҳоят Низёзтепага чиқиб бораркансиз, бу ердаги қадимий арча эътиборингизни тортади.
Ривоятларга кўра, Ҳазрати Башир ота қарий бошлагач, қўлидаги ҳассасини улоқтириб, «Қаерга бориб тушса, ўша жой менинг қабрим бўлади», деган экан. Ҳасса тўғри келиб Ниёзтепа номли тепалик устига қадалиб қолади. Васиятга кўра Ҳазрати Башир оламдан ўтгач шу ерга дафн қилинган.

Ҳасса арчага айланиб, ҳамон кўкариб турибди. Ўша пайтда ҳасса йўғон томони билан ерга қадалиб қолган. Шунинг учун бошқа дарахтлардан фарқли равишда унинг паст томони ингичка, юқори томони йўғон. Арчага диққат билан разм солсангиз, бу ривоятларда жон борга ўхшайди. Қишлоқда яна ўнлаб булоқлар, ғорлар, буюк шайх ва авлиёлар ётган қадамжолар мавжудки, уларнинг ҳар бири келиб кўришга арзийди.
Эко ва зиёрат туризми жадал ривожланмоқда. Ҳазрати Башир қишлоғидаги улуғ қадамжолар, ҳудуднинг бетакрор табиати зиёратчиларни ҳам, экотуризм ишқибозларини ҳам ўзига чорлаши тайин. Бироқ авваллари туман марказидан қарийб 35 чақирим олисда бўлган бу қишлоққа тоғли сўқмоқ йўллар бўйлаб келиш анча мушкул эди. Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида Ҳазрати Башир қишлоғига ҳам «Туризм қишлоғи» мақоми берилиб, бу ерга олиб келадиган йўллар тўлиқ таъмирланди. Кўплаб замонавий меҳмон уйлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари иш бошлади. Сиз ҳам Ҳазрати Башир зиёратгоҳига ташриф буюриб, унинг бетакрор табиатидан баҳраманд бўлишингиз мумкин!
Гуландом САТТОРОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Китоб тумани бўлинмаси раҳбари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг