“Ҳазортут”да янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Ромитан тумани “Ҳазортут” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 23-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиларининг самарали ишлашлари, ўқувчиларнинг эса замонавий фан сирларини чуқур эгаллашлари учун шарт-шароит янада яхшиланди. Билим даргоҳининг 300 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси қурилиб фойдаланишга топширилди.
Ўтган асрнинг 90-йилларида фаолият бошлаган ушбу мактабда бундай иншоотга анчадан буён эҳтиёж бор эди. Негаки, маҳаллада ўғил-қизлар ҳисобига аҳоли сони ошмоқда. Уларнинг таълим-тарбия олишлари учун эса замон талабларига жавоб берадиган ўқув бинолари керак.Уч миллиард 95 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига барпо этилган уч қаватли бино шу эҳтиёжни қондиради.

Таъкидлаш керакки, жорий йилда инвестиция дастури асосида вилоятдаги 38 та умумтаълим мактаби ва битта ихтисослаштирилган мактаб- интернатида қурилиш – таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ромитанга келсак, айни пайтда туманда жами 44 та умумтаълим мактаби фаолият юритаяпти. Уларда салкам 24 минг нафар ўғил-қиз таълим олмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг