Ҳаж сафарига жўнаб кетишди

14:55 19 Май 2025 Жамият
191 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона шаҳридаги тантаналар мажмуасида жорий йилда қутлуғ зиёратга кетаётган ҳамюртларимизнинг илк гуруҳини тантанали кузатиш маросими ташкил этилди. Файзли дастурхон ёзилиб, бир пиёла чой устида мароқли суҳбат уюштирилди

— Президентимиз эътибори ва ғамхўрлиги туфайли ҳамюртларимизнинг бу борадаги эзгу орзу-мақсадлари тўлиқ ижобат бўлиши учун қулай шароитлар яратилди, — деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров. — Бундай рағбат ҳар йили юртимизда минглаб оилаларга хурсандчилик олиб келмоқда. Бу йил ҳам эзгу анъана давом этади.

Муборак сафар олдидан халқимизнинг энг эзгу фазилатларига хос меҳр-оқибат кўрсатиш тадбирлари тобора кенг қулоч ёзмоқда. Хусусан, биргина ўтган йилда Фарғона вилоятида ҳаж зиёратига кетаётганлар томонидан эҳтиёжманд оилаларга 100 миллион сўмликдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Бу йил бундай эзгу амаллар салмоғини янада ошириш мақсад қилинган.

Тантанали тадбирдан сўнг зиёратчилар вилоят ишчи гуруҳи аъзолари кузатувида «Наманган» халқаро аэропортига йўл олишди. Бу ерда ҳар бир зиёратчи учун ёрдамчи бириктирилиб, белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда юкларни божхона назоратидан ўтказишда кўмаклашилди.

— Бугун кўп йиллик орзум ушалаётганидан хурсандман, — дейди меҳнат фахрийси Қурбонали Орипов. — Бу юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт, дориламон кунлар шарофати. Бугунги долғали замонамизда тинчлик дунёдаги энг қутлуғ саодатга айлангани ҳеч кимга сир эмас. Бундай неъматларимиз бардавом бўлиши учун ҳамиша дуодамиз.

Маълум бўлишича, жорий йилги мавсумда 1600 нафардан кўпроқ фарғоналикларнинг муборак ҳаж амалларини бажариши кўзда тутилган. Шу мақсадда уларнинг илк гуруҳи таркибига кирган 240 нафар ҳамюртларимиз Саудия Арабистонига жўнаб кетишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер