Ҳаво жуда исиб кетди, лекин...
Фото: “Халқ сўзи”
Ҳа, шу кунларда ҳаво жуда ҳам иссиқ бўляпти. Жазирама соғлиққа, кайфиятга жуда қаттиқ таъсир қилади. Чунки саломатлиги важидан иссиқ ҳавони кўтаролмайдиган кексалар, беморлар бор. Аммо иссиқми, совуқми, нима бўлганида ҳам, ундан сақланиш имкониятлари мавжуд.
Тўғриси, иссиқ одамларда ноқулайлик туғдирса-да, фойдали жиҳатлари ҳам жуда кўп. Демоқчиманки, иссиқ етарли бўлмаса, кўп экинлар яхши ривожланмайди, ҳарорат пасайиб, ҳаво салқинлашса касалликларга ҳам чалиниши мумкин. Ғарқ пишаётган полиз маҳсулотлари, шириндан шакар меваларимиз ана шу қуёш тафтининг ҳосиласи. Мана шундай иқлим бўлгани учун ҳам Ўзбекистоннинг нозу неъматлари жаҳонда энг харидоргир саналади.
Шундай экан, “ҳаво жуда исиб кетди” деб воҳимага берилмаслик керак. Инсон ҳар қандай вазиятни оқилона енгиб ўтиши керак. Ҳаво ҳарорати иссиқ, лекин шукрки, юртимиз тинч, осойишта! Шу офтоб туфайли ризқимиз бутун, ҳосилимиз мўл, ҳаётимиз файзли ва баракали!
Ота-боболаримиз даврида ҳам ёз ойларида жазирама бўлган. Аммо улар кўпроқ дарахт экишни тавсия қилишган. Дарахт об ҳавони мўътадиллаштиради, иссиқни ушлаб, микроиқлимни вужудга келтиради. Зеро, бугунги юқори ҳарорат бизга янада кўпроқ дарахт экиш, юртни кўкаламзорлаштиришни уқтираётгандек гўё.
Юртимизнинг бир- биридан чиройли тўрт фасли бор. Бизга шундай жаннатмонанд мавсумлар инъом этилганига минг бора шукр!
Сурайё ЎРИНБОЕВА, Сардоба тумани.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг