Ҳасанқоралик миллионер томорқачилар

20:19 08 Апрель 2022 Жамият
901 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани Ҳасанқора қишлоғида томорқадан фойдаланиш борасида ўзига тажриба мактаби яратилган.

Қишлоқ аҳолисининг аксарияти эртанги сабзавот кўчатлари етиштириш билан шуғулланиб, ҳар йилги мавсумда 10 миллион донага яқин сабзавот кўчатлари сотишади. Шу кунларда ҳасанқораликлар нафақат ён-атрофдаги туманлар, балки қўшни вилоятларга ҳам кўчат етказиб бераётгани уларнинг бу борада нечоғли миришкорлигини кўрсатади.

Ҳасанқоралик Муҳаммаджон Собиров 10 сотих ерда 9 та кичик иссиқхона ташкил этиб, қиш ва баҳор ойларида сабзавот кўчатларидан, ёзда эса картошка ва булғор қалампиридан мўл ҳосил етиштиради.

— Бир йилда сабзавот ва бошқа экинлардан ўртача уч мартагача ҳосил оламиз, — дейди Муҳаммаджон Собиров. — Иссиқхона усулида помидор, бодринг, қалампир, бақлажон, карам кўчатлари етиштирилади. Кўчатларимизни қўшни туманлар, Андижон ва Наманган вилоятларидан ҳам келиб олиб кетишади. Томорқада кўчат етиштириб сотиш орқали йилига 35-40 миллион сўм даромад қиламиз.

Шу қишлоқда яшовчи Шамсиддин Фармонов ҳам узоқ йиллардан бери сабзавот кўчатлари етиштириш билан шуғулланиб келмоқда. Деҳқончилик илми миришкори бу мавсумда янги тажрибага қўл урди. Томорқасида 2,5 сотихли иссиқхона қуриб, бу ерга 3,5 минг туп қулупнай кўчати экди. Ҳозирда қулупнай кўчатлари мўл ҳосил туккан.

«Ҳасанқора» МФЙ раиси Акрамжон Ёрматовнинг маълум қилишича, бугунги кунда маҳалладаги 300 дан зиёд оилалар кўчатчилик билан шуғулланиб, салмоқли даромадга эга бўлмоқда.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер