Ҳарбийларга байрам туҳфаси
Тинчлик ва осойишталик — мамлакатда барқарор тараққиётнинг кафолати. Шу боис бунёдкор халқимиз азалдан тинчлик ва осойишталикни Ватан, она, озодлик каби муқаддас тушунчалар қаторида улуғлаб, мамлакат сарҳадлари дахлсизлиги ва хавфсизлиги ҳимоячилари ҳар доим ҳурмат ва эътиборда бўлган.

Айниқса, Ватан ҳимоячиси деган шарафли касбни улуғлаб, киндик қони томган юрт тупроғини шараф билан қўриқлаётган ҳарбийларнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг оилаларини барча қулайликларни ўзида мужассам этган уй-жой билан таъминлаш устуворлик касб этмоқда. Шу жиҳатдан мамлакатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун турар жойлар қуриш дастури тўғрисидаги қарори Ватан ҳимоячилари ва уларнинг оиласига юксак ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
Мазкур қарор асосида ҳар йили Ватан ҳимоячилари байрами арафасида ҳарбий хизматчилар учун қурилган уй-жойларни фойдаланишга топшириш анъанага айланган. Жорий йилда ҳам ўн беш нафар ҳарбий хизматчи ҳамда Миллий гвардия ходимларининг ўн беш нафари Навоий шаҳридаги 18-кичик даҳада ўз хонадонига эга бўлдилар.

— Йигирма бир йиллик ҳарбий хизматимда уч вилоят ҳудудида ҳарбий бурчимни ўтаб, ижарада яшадик, — дейди уч хонали уйга кўчиб ўтган Улуғбек Қўзиев. — Шу оралиқда уч фарзандли бўлиб, тўнғичлари вояга етиб қолди. Шу маънода бугун ҳарбий хизматимиз ва ҳаётимизнинг энг бахтли дамларидан биридир.
— Ушбу уй бизнинг оиламизга Янги йил шукуҳи яна бир қадрли сана – Ватан ҳимоячилари кунига уланиб кетадиган қутлуғ айёмларда муҳтарам Президентимиз, мамлакатимиз Қуролли Кучлари Олий бош қўмондонининг муносиб совғаси бўлди, — дейди Миллий гвардия ходими Жўрабек Муродов. — Биз ҳарбийлар бу ғамхўрликдан руҳланиб, ўз устимизда тинимсиз ишлаб, сиёсий ва жанговар тайёргарлигимизни оширишда, янги-янги марраларни забт этамиз.

Тадбирда Республикамиз Қуролли Кучларининг мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, халқимизнинг тинчлиги ҳамда бунёдкорлик меҳнатини ҳимоялаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини инобатга олиб, Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор алоҳида таъкидланди.
Уйларни ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига топшириш тантаналарида Республика Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони О.Саидов, вилоят ҳокими К. Турсунов иштирок этди.
Темур ЭШБОЕВ
(«Халқ сўзи»)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг