Ҳарбийлар Ватаннинг фахри, ғурури!
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами Фарғона вилоятида ҳам кенг тантана қилинди.
Байрам муносабати билан Фарғона шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва ҳарбий бўлинмалар марши ўтказилди. Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал майор Ойбек Саидов, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят хавфсизлик ва мудофаа тизими раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

Шу куни байрам тадбири Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида давом этди. Унда Фарғона вилояти ҳокими барча ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини байрам билан самимий қутлади.
Тантанада юрт тинчлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

— Байрам арафасида бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз “Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур” дея алоҳида эътироф этгани бежиз эмас, — дейди полковник Жамшид Каримов. — Боиси бугунги долғали замонда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Аҳоли, айниқса, ёшларни шундай руҳда тарбиялашда ҳарбийлар фаоллик ва ибрат кўрсатиши зарур. Бугунги эътибор ва рағбат эса биз ҳарбийларни эзгу ташаббуслар ижобати йўлида янада ғайрат-шижоат билан фаолият олиб боришга ундайди.
Тадбирга санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар янада файз бахш этди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг