Ҳарбийлар 102 ёшли отахон дуосини олишди

18:03 08 Январь 2024 Жамият
690 0

— Файзулло Ҳожиев нафақат ўзи истиқомат қилаётган Бухоро тумани Арабхона қишлоғи, балки вилоят, қолаверса, мамлакатимизнинг табаррук ёшдаги отахонларидан, — дейди Бухоро шаҳридаги 522-сафарбарлик чақирув резерви батальони командирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зафарбек Исаков. — Бу инсон эндигина йигирма ёшга кирганида Иккинчи жаҳон урушига йўл олган. Аёвсиз жангларда уч бор яраланган. 1945 йилда она-юртга қайтиб, халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилган. Беш ўғил, беш қизнинг падари бузруквори саналган Файзулло ота “Жасорат” медали билан тақдирланган.

Батальон командири ўринбосари бу ҳақда бежиз сўз очгани йўқ. Яқинда мазкур батальоннинг бир гуруҳ зобитлари Файзулло Ҳожиев хонадонида бўлиб, табаррук 102 ёшни қаршилаётган отахон ҳолидан хабар олдилар. Қисқа, аммо мазмунли кечган учрашувда ортда қолган суронли йиллар, қуролдош дўстлар эсланди, тинчлик, осойишта кунлар, нон қадру қиммати ҳақида сўз борди. Биринчи гуруҳ ногирони саналган отахонга совға-саломлар улашилди. Ўз навбатида Файзулло ота барча Ватан ҳимоячилари ҳақига дуо қилиб, ёш авлодни эзгу анъаналарга садоқат руҳида тарбиялашдек хайрли ишда зобитларга муваффақият тилади.

Айтиш керакки, шу кунлар батальон ҳарбий хизматчилари учун эсда қоларли дамларга бой бўлмоқда. Улар “Янги Ўзбекистон армияси — мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир” шиори остида ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этишмоқда. Чунончи, куни кеча ҳарбий хизматчилар учун Бухоро шаҳридаги Файзулла Хўжаев уй-музейига саёҳат уюштирилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер