Ҳар бир оила учун алоҳида ижтимоий ҳимоя режаси ишлаб чиқилади
Иллюстратив фото
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Президент ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича янги тизим жорий этилишини қайд этди.
Масалан, Ангрен шаҳри ва Олмазор туманининг 13 та маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлаш натижасида яхши тажрибалар яратилгани таъкидланди.
Бунда хотин-қизлар фаоллари 109 та ёрдамга муҳтож оилани бирма-бир ўрганиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ечишда амалий кўмак берган.
Мутасаддиларга 1 июлга қадар ушбу тизимни барча ҳудудларда жорий этиб, 70 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатишни маҳаллада йўлга қўйиш топширилди.
Бунда, хотин-қизлар фаоллари ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан бирга:
- ҳар бир хонадонга бевосита кириб, оилалардаги ҳақиқий ҳолат ва ижтимоий хизматларга эҳтиёжни аниқлайди;
- ҳар бир оила учун алоҳида ижтимоий ҳимоя режасини ишлаб чиқади;
- аҳоли мурожаатлари асосида ижтимоий хизматлар ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини доимий назорат қилиб боради;
- мураккаб тиббий операцияларга муҳтожларни аниқлаб, уларни бепул даволаш учун юборишга кўмаклашади.
Янги тизимни самарали йўлга қўйиш учун махсус дастур асосида 9 минг 300 дан зиёд хотин-қизлар фаолларини маҳаллада ижтимоий хизматларни ташкил этишга ўқитиш вазифаси қўйилди.
“Вазирлар, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари бир нарсани аниқ тушуниб олиши керак. Ушбу тизим хотин-қизлар фаоллари зиммасига барча масъулиятни юклаб қўйиш дегани эмас. Мисол учун, ногиронлиги бор шахсларга 5 та идора ижтимоий хизматлар кўрсатади. Лекин, уларга маҳалладан туриб мурожаат қилишнинг имкони йўқ. Энг асосийси, ушбу идоралар томонидан “ўз мижозлари”ни аниқлаш ва уларга ўз вақтида кўмак бериш тизими йўлга қўйилмаган. Бундан буён, хотин-қизлар фаоллари томонидан ижтимоий хизматлар олиш учун буюртма бериш тизими жорий этилади. Ушбу буюртмалар ижросини таъминлаш орқали ижтимоий ҳимояга масъул барча идоралар ишига баҳо берилади”, деди Президент.
Ўзини яхши кўрсатган хотин-қизлар фаоллари мукофотланади, йил натижалари бўйича эса “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишонига тавсия этилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг