Ҳар бир ўғлон учун шон-шараф иши
Фото: Халқ сўзи
Қашқадарё вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган ёшларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда йигитлик бурчини адо этишга чоғланган ўғлонларнинг ота-оналари, шунингдек, соҳа фахрийлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда ҳарбий хизматнинг нуфузи юксак даражага кўтарилдики, эндиликда армияга бориш нафақат конституциявий бурч, балки катта мақсад, юксак маънодаги шон-шараф ишига айланди. Натижада муддатли ҳарбий хизматга бориш иштиёқидаги ёшларимиз сони йилдан-йилга ошиб бораяпти.
— Бугун муддатли ҳарбий хизматга бориш ҳар бир йигитнинг орзусига айланди, — дейди Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи фахрийлар кенгаши раиси Шариф Мадиев. — Бу Қуролли Кучларимиз сафига йўл олаётган йигитларимиз, уларнинг ота-оналарининг юз-кўзларидаги мамнунлик ифодасида ҳам акс этиб турибди.
Тадбирда муддатли ҳарбий хизматга йўл олаётган ўғлонларга эсдалик совғалари топширилди. Ҳарбий оркестр ва санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларнинг дилларини хушнуд этди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг