Ҳар бир бола учун тенг имконият

13:30 02 Апрель 2026 Жамият
315 0

Ҳар бир бола у ким бўлишидан қатъи назар сифатли таълим олиш ҳуқуқига эга. Инклюзив таълим эса ногиронлиги бўлган болаларга жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ўсиб ривожланиш, билим олиш ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиш имкониятини яратади.

Бугунги кунда бундай ёндашув дунё бўйлаб кенг тарқалиб, ўз самарадорлигини намоён этмоқда. Олмалиқ шаҳридаги “Ойдин ҳаёт” маҳалласида яшовчи Амирхон Жуманов ҳам алоҳида таълимга муҳтож болалардан бири эди. Унинг онаси Моҳина Жуманова ўғлининг тенгдошлари билан бирга таълим олишини истади. Унинг фикрича, фарзанд алоҳида муҳитда эмас, балки жамият ичида камол топиши, мустақил ҳаётга тайёргарлик кўриши жуда муҳим.

Психологик-тиббий-педагогик комиссия тавсиясига кўра, Амирхон шаҳардаги 20-сонли айрим фанлар чуқур ўргатиладиган умумтаълим мактабига қабул қилинди. Инклюзив таълим йўлга қўйилганидан буён унинг ҳаётида қатор ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

– Дастлаб жуда хавотирландим, – дейди Олмалиқ шаҳридаги 20-сонли айрим фанлар чуқур ўргатиладиган умумтаълим мактаби ўқувчиси Амирхон Жумановнинг онаси Моҳина Жуманова. – Болам синфдошлари билан тил топиша олармикан, ўқитувчилар уни тушуна олармикан, деб ўйладим. Аммо вақт ўтиши билан унинг янги истеъдодлари намоён бўлаётганидан қувонаяпман. У ҳар куни мактабга хурсанд бўлиб боради.

Бу эса, шубҳасиз, ўқитувчиларнинг меҳнати, синфдошларининг самимий муносабати ва мактабда яратилган инклюзив муҳит самарасидир. Амирхон нафақат ўқишда, балки спорт ва санъат соҳаларида ҳам ўз иқтидорини намоён этмоқда. У футбол ўйнашни яхши кўради, расм чизишга қизиқади ва ижодий фаолиятга интилмоқда.

– Футболга бўлган қизиқиши унинг синфдошлари билан яқинлашишига ёрдам бермоқда, – дейди ушбу мактаб ўқитувчиси Азиза Тошматова. – Жамоавий ўйинлар орқали мулоқот кўникмалари ривожланмоқда. У мактаб тадбирларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу эса унинг ижтимоий ҳаётга мослашувини янада тезлаштирмоқда.

Амирхоннинг ижодий қобилияти ҳам тобора ривожланмоқда. У турли расмлар чизиб, ўз фантазиясини намоён этади. Шунингдек, робототехникага қизиқиши ортиб бормоқда. Бу эса унинг фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Синф раҳбари Азиза Тошматова инклюзив таълим жараёнида алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. У боланинг таълим жараёнига мослашиши, синфдошлари билан эркин мулоқот қилиши ва ўзига бўлган ишончини ошириш учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Ўқитувчининг меҳнатсеварлиги ва бағрикенглиги туфайли Амирхон ўз имкониятларини тобора кенг очиб бормоқда.

Инклюзив таълим ногиронлиги бўлган болаларга мустақил ҳаёт кечириш, жамиятда ўз ўрнини топиш ва фаол фуқаро бўлиш имконини беради. Бу нафақат алоҳида шахслар, балки бутун жамият учун ҳам катта ютуқдир.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер