«Ҳаққингизни талаб қилинг, муаллим!» — Бугун матбуотда
“Сўнгги бир неча ойдан буён дунёдаги ҳатто энг қудратли давлатлар ҳам коронавирус инфекцияси ўчоғига айланиб, юз минглаб қурбонлар берганига ва ҳозир ҳам касалланаётганлар сони жаҳон миқёсида кундан-кунга ўсиб бораётганига гувоҳмиз, — деб бошланади “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган «Карантин қоидаларига қатъий амал қилайлик!» сарлавҳали материал. — Жаҳоннинг энг етакчи давлатларида тиббий суғуртаси мавжуд бўлмаган беморлар тиббий ёрдамдан маҳрум этилиб, тақдир ҳукмига ташлаб қўйилгани, уларнинг жасадларини кремация қилиш ва дафн этиш учун узундан-узоқ навбатлар юзага келганини ҳам ойнаи жаҳон орқали ўз кўзимиз билан кўрдик...”
Мақола муаллифи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамованинг таъкидлашича, давлат қанчалик бой ва қудратли, унинг соғлиқни сақлаш тизими эса қанчалик ҳавас қилса арзигулик бўлмасин, агар мамлакатдаги ҳар бир фуқаро ўз соғлиғини, аввало, ўзи ҳимояламаса, бу бебаҳо бойликни асраб-авайламаса, мураккаб вазиятларда белгиланган тартиб-қоидаларга ва интизомга риоя этмаса бундай давлат ҳар қандай эпидемия ва пандемиялар қаршисида ожиз қолаверади.
Олти ойда олтита қонун: бу кўпми ёки кам? Бу савол жавобини “Халқ сўзи” газетасида Дилшод Улуғмуродовнинг шу сарлавҳа остида чоп этилган материалидан топасиз. Шунингдек, нашр саҳифаларидан бу йил Шаҳрисабзда иккинчи бор ўтказилиши кутилаётган халқаро мақом санъати фестивали олдидан «Дилларни дилларга, элларни элларга пайванд этаётган санъат» номли мақола жой олган. Муаллифи — Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори Соибжон Бегматов. Материалда ёзилишича, мақом шунчаки ҳордиқ чиқариш учун тингланадиган оҳанг эмас. Теран англанса, у — тарих, анъана, қадрият, маънавият, маърифат, тарбия, орзу, муҳаббат ва дўст. Ким нимани хоҳласа, истаганини топадиган мўъжизалар дунёсидир. Фақат унга шайдо бўлиш, у билан яшаш керак. Шундагина унинг сирли дунёсини англаймиз, сеҳрли ва мўъжизавий таъсирини сезамиз ва шу орқали ўзимизни ҳар доим тетик, бардам, бақувват ҳис этамиз...
“Oʼzbekiston ovozi” газетасида Тоштемир Худойқуловнинг «Ҳокимликнинг масъул ходими ўз вазифасини тўғри бажармади. Бунинг оқибатида ногирон фарзандлари бор оилалар оввораю сарсон бўлди” сарлавҳали мақола босилган. Муаллиф Тошкент вилоятининг Зангиота туманида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ногиронлиги бўлган оилалар уй-жойга муҳтож бўлса-да, уларнинг ушбу ҳаётий эҳтиёжини таъминлаш 2-3 йилдан буён пайсалга солиниб келинаётганлигини танқид қилган:
— Ўзим бу аҳволдаман, — дейди биринчи гуруҳ ногирони Дилшод Камолов. — Онамнинг хат-ҳужжат ишларига югуришини кўриб эзиламан. Қўлимдан келсаю, шу аравачадан туриб, юриб кетсам. Онамнинг оғирини енгил қилсам. 13 йил олдин бахтсиз тасодиф туфайли аравачага михланиб қолдим. Лекин шу муаммо, яъни уй-жой олиш бўйича ҳокимиятга қилган мурожаатимиз силламизни қуритяпти. Ҳокимият биноси уйимизга яқин эмас. Бориб-келишимиз ҳам харажат. Онамга раҳмим келади, аравани суриб мен билан 2-3 йилдан буён ҳокимиятга қатнайди. Бошқа гапиролмайман...
“Маърифат” газетасида берилган Қамаши туманидаги 10-мактаб директори ўринбосари Раҳматилла Менгировнинг «Ҳақингизни талаб қилинг, муаллим!» сарлавҳали мақолада эса қуйидагича мазмундаги мулоҳазаларни ўқийсиз: Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-қарори 5-бандига асосан қишлоқ туманларидаги умумтаълим мактаблари бир неча номдаги, жумладан, таълим нашрларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан обуна қилинади. Аммо барча ҳудудларда ҳам қарор бандларига риоя этилмаяпти. Масалан, Қамаши туманидаги 10-мактаб маҳаллий бюджетдан «Маърифат», «Халқ сўзи» газеталари, «Халқ таълими», «Халқ таълими ахборотномаси» журналларига обуна қилдирилгани айтилсада, мактабга умуман бошқа нашрлар етказиб берилаётган экан. Мактаб директори ўринбосари юқори идораларга бу масала бўйича бир неча бор мурожаат қилган. Бироқ масала ҳалигача ҳал этилмаган. «Ҳал этилди» деган жавоб келган холос.
Шофиркон тумани мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириши кўрсаткичлари бўйича республикада 1-ўринни олиб келмоқда. Хўш, шофирконлик ўқувчилар ҳамма фанлардан шундай билимлими ёки фақат тест олинадиган фанлар бўйича репетиторлар ёрдамида юқори натижаларга эришяптими? 11 йил ўқиб олинган аттестат, унга қўйилган баҳолар нега ОЎЮга киришда инобатга олинмайди? Унда нима кераги бор аттестатнинг? , шунчаки «мактабни битирди» деган маълумотнома бериб қўйса бўлмайдими шунча бюджет пулини сарфламасдан? Шофиркон туманилик ўқитувчи Элёр Қайимовнинг «Халқ таълимини сақлаб қолинг!» номли мақоласида шу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларини баён этган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг