Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларда акс этмоқда

15:17 27 Апрель 2020 Сиёсат
1158 0

Бугун COVID-19 туфайли дунёнинг барча мамлакатларида ишсизлар сони ортиб бораётганини кузатиш мумкин. Бу глобал иқтисодиётнинг умумий муаммосига айланяпти. Ўзбекистон ана шундай мураккаб вазиятда бу борада қандай чора-тадбирларни қўлламоқда?

Давлатимиз раҳбари шу йил 22 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида коронавирус пандемияси шароитида айнан аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, бу бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги видеоконференцалоқа форматида ташкил этилган мажлисида “Аҳоли бандлиги тўғрисида” ги қонун лойиҳаси Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда кўтарилган масалалар инобатга олинган ҳолда муҳокама қилинди.

Депутатларнинг фикрича, амалдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганига йигирма йилдан ортиқ вақт ўтган бўлиб, ундаги қоидалар эскирган ва бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди.

Хўш, янги қонун лойиҳаси қайси жиҳатлари билан аҳамиятли?

Иккинчи ўқишда халқ вакиллари томонидан моддама-модда кўриб чиқилган ушбу ҳужжатнинг, энг аввало, тўғридан-тўғри амал қилувчи хусусиятга эгалиги эътироф этилди. Хусусан, у 3 та қонун, давлатимиз раҳбарининг 12 та Фармон ва қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича қабул қилинган 40 дан ортиқ меъёрий ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни ўзида жамлаган.

Таъкидлаб ўтилганидек, 19 боб, 129 моддадан иборат қонун лойиҳасида бандлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, йўналишлари ва воситалари аниқ очиб берилмоқда. Меҳнат органларининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари кенгайтириляпти.

Лойиҳа билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар кучайтирилмоқда. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этишнинг асосий йўналишлари тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларда акс этмоқда.

Алоҳида янги моддаларда бандликни таъминлашда хусусий бандлик агентликлари иштироки, янги иш ўринларини ташкил этишни рағбатлантириш, жамоат ишлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, микрокредитлаш дастурларини молиялаштириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармалари маблағларидан самарали фойдаланиш тартиблари белгилаб бериляпти.

Шунингдек, ишсиз шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш кафолатлари кучайтирилмоқда. Хусусан, банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш, рўйхатдан ўтказиш, энг муҳими ва эътиборли жиҳати, фаол иш қидираётган ишсизларга нафақа тайинлаш ва тўлаш шартлари батафсил кўрсатиб ўтилмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, қонун лойиҳаси билан меҳнат бозори ва бандлик, меҳнат ресурслари баланси, ташкил этилаётган иш ўринлари ҳақидаги холис, мунтазам янгилаб бориладиган маълумотлар базасини ўз ичига олган, иш берувчилар ва ходимларга меҳнат муносабатларини электрон шаклда расмийлаштириш, ишга жойлашишнинг шахсга доир тарихи, бўш (вакант) иш ўринлари, ходимларнинг сон ва сифат таркиби тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ҳамда сақлаш учун электрон ахборот тизими — “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан бериладиган молиявий ёрдам — субсидиялар, ажратиладиган пул маблағлари ва моддий ресурслар — грантларнинг кимлар ва нима мақсадларда берилишига оид нормалар алоҳида моддаларда белгилаб берилмоқда.

Онлайн муҳокамаларда халқ вакиллари ушбу ҳужжат меҳнат муносабатлари соҳасидаги муаммоларни қонуний ҳал қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтишди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалардан сўнг, ушбу ҳужжат қабул қилинди.

 

Зиёда АШУРОВА.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер