Ҳақ талабга жойида ечим топилди
Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига ечим топиш ҳамда қулай шароит яратиш мақсадида Навоий вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимлари иштирокида оммавий қабуллар бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан белгиланган ҳар бир фуқаро, оиланинг ўй ва ташвишидан бохабар бўлиш, йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммоларининг ечимини топиш, одамларнинг эрта ёки яқин истиқболда эмас, айнан шу кундан эътиборан ҳаётдан рози яшашларини таъминлаш сиёсати мазкур қабулларнинг асосий тамойили бўлди.
Сайёр қабул мутасаддилари вилоятнинг барча ҳудудларини қамраб олган ҳолда жами 639 нафар фуқаронинг 650 мурожаатини қабул қилдилар. Шуларнинг 213таси жойида ҳал қилиниб, 122 таси бўйича тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳат берилди. 315 та мурожаат назоратга олинди.
Республика Олий суди раисининг ўринбосари уч кунлик сайёр қабулларда жами 251 нафар фуқарони қабул қилди. Уларнинг 182 таси жиноят, 63 таси фуқаролик, 4 таси маъмурий,
2 таси иқтисодий ишлар бўйича ўз мурожаатларини тақдим қилдилар. Мазкур мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг 99таси жойида ижобий ҳал этилиб, 101таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 51 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди, ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов хайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.
— Ижобий ҳал этилган 99та мурожаатнинг 65таси асосида вилоятнинг жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туман судлари томонидан жами 65 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди, — дейди вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими консультанти Азиза Рўзиева. — Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар ҳамда Қизилтепа туман судлари томонидан жами 23 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Нурота, Хатирчи, Қизилтепа, Конимех ва Кармана туман судлари томонидан жами 6 нафар шахс суд залидан озод қилинди. 5 нафар шахсга оид жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди. 11 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар суд мажлисида кўрилиб, уларнинг аризаси қаноатлантирилди.
Сайёр қабулларда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 66 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан, 15 нафар шахсга нисбатан иш ҳақини ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди. Тарафлар ярашганлиги сабабли 10 та алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғи бекор қилинди. Шунингдек, судлар томонидан ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 48 нафар вояга етмаган фарзанди бор 29 оила яраштирилди.
Иқтисодий судлар томонидан эса 39 та иш суд мажлисларида кўрилиб, тадбиркор(даъвогар)лар фойдасига жами 1.790.553.946 сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилди. Чунончи, Кармана туманлараро иқтисодий судига даъвогар йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро Давлат солиқ инспекцияси жавобгар “BAXT-TEXTILE” МЧЖга нисбатан 98.391.782 сўм молиявий санкция қўллаш юзасидан, Навбаҳор туманлараро иқтисодий судига даъвогар Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси жавобгар «Ал Азиз Ипаги» МЧЖга нисбатан 66.147.849 сўм молиявий санкция қўллаш юзасидан, Кармана туманлараро иқтисодий судига даъвогар Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси жавобгар “Edumatters” МЧЖга нисбатан 1.525.914.000 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризалар билан мурожаат қилган. Суднинг қабул қилган ҳал қилув қарорларига асосан даъво талаблари рад қилиниб, тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари суд томонидан ҳимоя қилинди.
Шунингдек, 2021 йил давомида Навоий вилояти кесимида кўрилган жиноят ишлари бўйича 7 нафар шахс, шу жумладан 1 нафар ички ишлар органлари ходими оқланди.
Бундан ташқари, Навоий вилояти кесимида дастлабки тергов органи томонидан 17 шахсга оид 10 та жиноят иши юзасидан ортиқча қўйилган айблов чиқарилган бўлса, шу даврда 34 нафар шахс суд залидан қамоқдан, 465 нафар шахс тайинланган жазонинг қолган қисмини ўташдан озод этилиб, 229 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазолар енгилроғи билан алмаштирилди.
Республика Бош прокуратураси масъуллари сайёр қабулларда 186 та фуқаронинг мурожаатини тинглаб, 67 тасига жойида ижобий ечим топдилар. Вилоятнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи ўн бир нафар тадбиркорнинг имтиёзли кредит олиш, навбаҳорлик еттита оилага субсидиялар ҳисобидан иссиқхоналар қуриш бўйича мурожаатлари қаноатлантирилди. Таъкидлаш жоиз, навоийлик чевар Моҳигул Эсонова суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўтган йилги сайёр қабулда ҳам иштирок этиб, субсидия асосида ўз тикувчилик корхонасини ташкил этиши учун ягона ижара марказига тегишли уйинг ертўласи ажратилган эди. Тадбиркор аёл корхона фаолиятини йўлга қўйиб, 24 кишининг бандлигини таъминлади. Айни кунларда эса, фаолиятини юритиш, хом-ашё харидида маблағдан қийинчиликка дуч келмоқда. М. Эсонованинг мурожаати қаноатлантирилиб,100 миллион сўм кредит ажратилди.
Сайёр қабулда 40 нафарга яқин фуқаронинг ишга жойлаштирилиши таъминланиб, уларнинг назорати вилоят прокуратураси зиммасига юклатилди.
Ички ишлар вазирлигининг мутасаддилари эса сайёр қабулда ички ишлар идораларига ишва ўқишга кириш, тергов ва суриштирув, фуқаролик, паспорт ва виза, жазони ижро этиш билан боғлиқ 49та масалани кўриб чиқдилар. Хусусан, навоийлик Ориф Умаровнинг прописка масаласидаги 17 йиллик муаммосига айнан мана шу сайёр қабулда ечим топилди. О.Умаров, турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди билан шу куни Навоий шаҳридаги ётоқхоналардан бирига рўйхатдан ўтказилди.
Сайёр қабул иштирокчилари уч кун мобайнида Тошкент – Навоий- Зарафшон – Навбаҳор – Қизилтепа- Кармана маршрутлари бўйича қарийб минг километрга яқин йўл босдилар. Қабулга келган ҳар учинчи фуқаронинг мурожаати жойида қаноатлантирилиб, ечими муддат талаб этадиган масалалар назоратга олинди. Энг муҳими, мурожаатчиларнинг қонунда назарда тутилган манфаатлари устуворлиги таъминланиб, уларнинг эртанги кунга қатъий ишончи мустаҳкамланди. Ишонч ва хотиржамлик эса барча жабҳаларда муваффақият ва барқарорликнинг гаровидир.
Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг