Ҳамширалик лавозимининг "ставкаси" "қанча"? Нега моҳир шифокорлар чет элга чиқиб кетмоқда? Нима учун кадрлар қўнимсиз?
Юқорадига каби кўплаб ўткир масалалар Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларга бағишланган бугунги йиғилишда кўриб чиқилди. Унда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев соҳада йиғилиб қолган камчилик ва нуқсонлар ҳақида танқидий фикрлар билдирди.
Хусусан, Бош прокурорнинг қайд этишича: "Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 21 январдаги буйруғи билан 2019 йил 1 февралдан тизимда тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ стажда ишга қабул қилиниши белгиланган. Лекин ушбу буйруқ ижроси таъминланмаяпти. Мазкур буйруқдан кейин ўрганилган 68 та муассасада 2 минг нафар ходим чорак ва 3.800 нафари ярим ставкага ишга қабул қилинганлиги аниқланди.
Биргина Республика ихтисослаштирилган акушерлик-гинекология марказида 92 та штат бирлигида 152 нафар шифокор ва 162 та штат бирлигида 219 нафар ҳамшира ишлаб келмоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, бугунги кунда республика бўйича жами 12.916 нафар, шундан 2.894 нафар умумий амалиёт ва 10.022 нафар тор доирадаги мутахассис етишмайди.
Хусусан, тиббий муассасаларда 851 нафар педиатр, 465 нафар терапевт, 326 нафар стоматолог, 273 нафар анестезиолог-реаниматолог, 269 нафар акушер-гинеколог, 216 нафар психиатр, 198 нафар рентгенолог, 192 нафар фтизиатр, 172 нафар хирург ва 5.383 нафар бошқа тор доирадаги мутахассис штатлари тўлдирилмаган.
Ҳудудлар кесимида бўш шифокор лавозимлари Навоий вилоятида 264, , Бухорода 389, Хоразмда 525, Андижонда 576, Қорақалпоғистон Республикасида 691, Сирдарёда 744, Наманганда 769, Жиззахда 773, Самарқандда 962, Фарғонада 1.097, Қашқадарёда 1.129, Тошкент вилоятида 1.428, Сурхондарёда 1.713 ва Тошкент шаҳрида 1.856 нафарни ташкил этади.
Яна бир масала, тиббиёт коллежларини битириб, ишсиз юрган ёшлар сони жуда юқори булса-да, республика бўйича 4.500 нафар ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари штат бирликлари тўлдирилмаган. Ҳамшира ва кичик тиббиёт ходими бўш иш ўринлари сони Сурхондарё (206), Самарқанд (477), Тошкент (582) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (2.213) юқорилигича қолмоқда.
Тизимда ишга қабул қилиш жараёнининг шаффоф эмаслиги турли суиистеъмолчилик ва тамагирлик ҳолатларига сабаб бўлмоқда.
Масалан, Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи фуқаро К.ни ҳамшираликка қабул қилиш эвазига 500 доллар олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилди.
Ёки Андижон вилоят перинатал маркази раҳбари айрим ходимлари билан тил бириктириб, фуқаро У.ни кичик тиббий ходим сифатида ишга қабул килиш эвазига 200 доллар олганда ушланди.
Кадрлар билан ишлашдаги бундай вазият, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси заифлиги нафақат кадрлар қўнимсизлигига, балки тажрибали ва етук мутахассисларнинг хусусий секторга ёки чет давлатларга ишга ўтиб кетишига олиб келмоқда.
Биргина республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказидан сўнгги уч йилда 242 нафар моҳир шифокор хусусий клиникаларга ишга ўтган ёки хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган.
Бюджет маблағларининг сарфланиши, ўзаро ҳисоб-китоб, пулли хизмат кўрсатиш жараёнидаги тизимли камчилик ва нуқсонлар ҳам соҳадаги асосий коррупциявий омиллардан бири бўлиб қолмоқда".
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг