Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди

17:37 15 Июль 2021 Сиёсат
673 0

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Дунё» ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, «ЗўрТВ» телерадиокомпанияси, “Uzreport” ахборот агентлиги билан октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида ОАВлар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда тайёргарлик ишларининг олиб борилиши ва ўтказилишини ёритиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзолади.

Мазкур ҳужжатда сайлов қонунчилиги нормаларига амал қилган ҳолда барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари ҳақидаги маълумотларни сайловчиларга ўз вақтида етказиш каби муҳим вазифалар акс этган.

Тадбирда сайловларни очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик асосида ўтказишда оммавий ахборот воситаларининг роли муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Сайлов кампанияси давомида барча муҳим воқеа ва янгиликлардан фуқаролар оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўладилар. ОАВ сайлов кампанияси даврида ташвиқот ишлари, сайлов комиссиялари фаолияти ва бошқа масалаларни кенг ёритиб бориб, аҳолининг сиёсий фаоллигини оширади, уларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиради.

Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати маълумотига кўра, 2019 йил бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловлари кампанияси даврида телевидениеда – 16 738 та, радиоканалларда – 6914 та, босма оммавий ахборот воситаларида – 4771та, веб-сайтларда – 2278 та, телеграм каналларида 3435 та яқин, ижтимоий тармоқ саҳифаларида – 6723 та, жами республика бўйича – 40 860га яқин сайловга оид материаллар берилган.

Бундан ташқари, 40 800дан ортиқ сиёсий партияларга оид ахборотлар, шунингдек халқаро ОАВ орқали 100 дан ортиқ сайловга оид материаллар эълон қилинган.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер