Ҳам зиёрат, ҳам тижорат
Фото: Халқ сўзи
Тарихий манбаларга кўра, «Бухоро яҳудийлари» атамаси илк бор ўн олтинчи асрда қўлланиб, кейинчалик инглиз миссионери Волф амир Насруллохон ҳукмронлиги даври (1826-1860 йиллар)да Бухорода 10 мингдан ошиқ яҳудийлар яшагани ҳақида маълумот берган.
Бухоро яҳудийлари ҳозирги Навоий вилоятининг Кармана ва Хатирчи туманларида узоқ йиллар истиқомат қилган. Кейинчалик уларнинг кўпи Исроил, АҚШ ва Европанинг бир қатор мамлакатларига кўчиб кетган. Улар ҳақли равишда ўзлари туғилиб ўсган Карманани кичик Ватан санаб, ҳудуддаги қабристонга дафн этилган ота-боболари қабрини вақти-вақти билан зиёрат қилиб туришади.
Яқинда ушбу миллат вакилларининг бир гуруҳи Карманада бўлиб, аждодлари қабрини зиёрат қилиш билан бирга туман ҳокими Ф. Умаров қабулида бўлдилар. Маҳаллий тадбиркорлар билан учрашиб, туманга инвестиция киритиш масалаларини ҳам муҳокама қилишди. Хусусан, электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича Исроил давлатининг илғор технологияларини жалб этиш юзасидан истиқболли лойиҳа илгари сурилди.

— Мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган шароит, айниқса, вилоятимизга эркин иқтисодий ҳудуд мақомининг берилиши тарихий хорижда яшаётган ватандошларимизнинг қизиқишини оширгани шубҳасиз, — дейди тадбиркор Азиз Сувонов. — Албатта, бу икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириб, туманимизда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Асосий мақсадга келадиган бўлсак, исроиллик меҳмонлар тумандаги қабристонда амалга оширилган ободонлаштириш ишларидан мамнун бўлиб, ўз миннатдорлигини изҳор этишди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг