Ҳам ўқиб, ҳам ишлаётган талабалар
Фото: Халқ сўзи
Гулбаҳор Чориева Қарши давлат университетида тўлов-шартнома асосида ўқийди. Акаси ҳам олийгоҳда тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётгани боис оиласининг ижтимоий аҳволи бироз оғирлашган эди. Яқинда университет қошида иш бошлаган «Чевар талабалар» тикувчилик цехига Гулбаҳор ишга жойлашди.
— Сочиқ, чойшаб, матрас, ёстиқ каби рўзғор буюмларини тикяпмиз, — дейди университетининг педагогика факультети бошланғич таълим йўналиши 3-курс талабаси Гулбаҳор Чориева. — Иш ўқишга умуман халақит бермайди. Тушгача дарсда бўламан. Тушдан кейин эса тикувчилик цехида ишлайман. Бизга 1 млн 200 минг сўмдан 2 млн сўмгача маош тўланади. Иш жараёнида бошланғич тикувчиликка тайёрлаш, миллий кийимлар тарихи, тикув машина жиҳозлари тузилиши, тикув буюмларни конструкциялаш ва жиҳозлаш ҳамда тикувчилик технологияси оид билимлар ҳам бериб борилади.
Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ОТМ талабалари ишлаб, даромад топишлари учун қўшимча имкониятлар яратиш масаласи муҳокама қилинган эди. Қарши давлат университети талабаси Гулбаҳор ва у каби ўнлаб йигит-қизларнинг иш билан таъминланаётгани давлатимиз раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижросининг амалий исботидир.
Хусусан, Қарши давлат университетида 543 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба-ёшнинг ишлашга эҳтиёжи борлиги маълум бўлди. Уларнинг билим ва салоҳиятидан келиб чиқиб, 48 нафар талаба университетдаги мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилган бўлса, 41 нафар талаба университет ҳудудидаги савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарига жалб қилинди.
Университет қошида «Чевар талабалар» тикувчилик цехи ташкил этилиши ҳам ана шу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Бу ерда университет ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб, талабалар турар жойлари учун тикув-трикотаж буюмлари — сочиқ, чойшаб, матрас, ёстиқ жилдлари ишлаб чиқарилади. Тикувчилик цехида 2 сменада иш ташкил қилинган бўлиб, 20 нафар талаба иш билан таъминланди.
Ҳозирда университетнинг ўзида100 нафардан ортиқ талаба бандлиги таъминланди.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг