Нукусда ҳайдовчи “Спарк“ида “ГАИ“ ходимини 200 метргача судраб кетди 

18:26 14 Декабрь 2019 Жамият
1260 0

Фото: ЎзА-Иллюстратив фото

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ҳайдовчи Нукусда ДАН ходимини босмоқчи бўлди...” сарлавҳали мақола юзасидан баёнот берди.

Қайд этилишича, 2019 йил 24 ноябрь куни Нукус шаҳри Х.Абдамбетов кўчаси бўйида Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЙХХБ ЙПХ 1-сафарбарлик гуруҳи инспектори Қ.Б. ўз хизмат вазифаларини олиб бораётган вақтларида, фуқаро Ш.М. бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашинаси тўхтатади.

Ҳайдовчи Ш.М. “Спарк” русумли автомашинани бирор-бир ҳужжатларсиз бошқариб келаётиб, инспектор Қ.Б.нинг тўхтатиш ишорасига бўйсунмасдан автотранспорт воситасини инспекторга қарата ҳаракатлантириб, йўл патрул хизмати инспекторини 200 метр оралиғигача судраб кетиб, сўнг автомашинани тўхтатган вақтида инспектор Қ.Б. автомашинадан тушиб қолган ва ҳайдовчи Ш.М. автотранспорт воситасини ҳайдаб, ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Юқоридаги ҳодиса натижасида инспектор Қ.Б. тан-жароҳати олиб шифохонага тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилиб, экспертиза натижалари олиниб, жиноят аломатлари аниқланганлиги сабабли Нукус шаҳар прокуратураси томонидан 2019 йил 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер