Ғузорлик тадбиркор аёл келинлар учун чеварлик курсларини ташкил этди
Ғузор туманидаги «Жарариқ» МФЙ ҳудудида фаолият кўрсатаётган якка тартибда тадбиркор Шаҳлохон Ҳасанова қишлоқдаги ёш келинларни 2 ойлик чеварлик курсида ўқитмоқда.
5 та замонавий тикув машинаси ёрдамида ёш келинлар турли либосларни тикишни ва бичишни ўрганишмоқда. Энг қувонарлиси, келинларнинг чеварлик курсида таҳсил олаётганидан қайнаналар ҳам жуда мамнун.
— Мен Янги ҳаёт қишлоғида келин бўлиб тушганман, — дейди Фотима Ашурова. — Бу ерда чеварлик сир-асрорларини ўрганаётганимдан жуда мамнунман. Биринчи тиккан либосимни қайнонамга совға қилдим. Жуда хурсанд бўлиб қолдилар. Эндиликда уйда ўзим тикув машинасида мустақил бичиш-тикиш билан машғулман. Қўни-қўшнилар, яқинларим менга буюртмалар беришмоқда. Ўз-ўзимни банд қилганимдан турмуш ўртоғим ҳам хурсанд.
Тадбиркор Шаҳло Ҳасанованинг маълум қилишига кўра, ҳудуддаги Жарариқ, Хумдон, Оқтош ва туман марказидан келинлар шу ўқув курсида таҳсил олишга интилишмоқда.
Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг