Гужаратлик ишбилармонлар Ўзбекистонга юқори қизиқиш билдирмоқда
Маълумки, 2018 йил октябрь ойида Ҳиндистоннинг Гужарат штати ва республикамизнинг Андижон вилояти ўртасида ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилган. Ўтган давр давомида минтақалараро алоқалар янада фаоллашиб унинг кўлами мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари ва тармоқларига ҳам кенгайиб бормоқда.
Ушбу йўналишдаги амалий ишлар доирасида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов Гужарат штати Саноатни ривожлантириш бюросига (iNDEXTb) ташриф буюриб, бюронинг бошқарувчи директори Нилам Рани ва мазкур штат ишбилармонлари билан алоҳида музокаралар ўтказди.
Нилам Рани гужаратлик ишбилармонларнинг ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишга бўлган иштиёқи юқори эканлигини, сўнгги йилларда олий ва юқори даражадаги мулоқотлар ва ташрифларда эришилган келишувлар бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Гужарат штати Саноатни ривожлантириш бюросида Ўзбекистон элчиси штатнинг олий таълим, АКТ, тўқимачилик, уруғчилик, томчилаб суғориш, муқобил энергия манбалари, заргарлик каби қатор тармоқларининг 10 га яқин вакиллари билан алоҳида музокаралар ўтказди. Айтиш лозим, мазкур ҳинд компанияларининг аксарияти пандемияга қадар бўлган даврда ўзбекистонлик ҳамкорлари билан қўшма лойиҳалар бўйича амалий ишларни бошлаган.
Учрашувлар давомида мазкур лойиҳаларни жадаллаштириш, уларни кечикишига сабаб бўлаётган мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш бўйича фикр алмашилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг