Ғуломжон ота лимонлари байрам кунлари бозор расталарини безайди
Фото: "Халқ сўзи"
Қувасой шаҳрининг “Янгиобод” МФЙда истиқомат қилувчи салкам 80 ёшли Ғуломжон ота Фатҳуддинов миришкор боғбон сифатида танилган. Серғайрат отахон боғ юмушларидан ортиб, томорқадаги икки сотих ерда ташкил этилган иссиқхонада ҳам ўзи меҳнат қилади. Иссиқхонада парваришланган лимон бу йил жуда серҳосил бўлиб, пешма-пеш Қувасой ва Фарғона шаҳри бозорларида харидорларга етказиб берилмоқда.

— Аслида мен ҳаётдан завқ олиш учун меҳнат қиламан. Шу боис бир-биридан чиройли, худди олтиндек товланиб турган лимон ҳосилини йиғиб олаётганда барча чарчоқларим унутилади, — дейди файзли хонадон соҳиби. — Шу йилнинг ўтган даврида доимий мижозларимизга 15 миллион сўмликдан ортиқ лимон етказиб бердик. Ҳосилнинг қолган қисмини янги йил совғаси сифатида бозорда сотиш учун тайёрлаб қўйганмиз. Бу ишда оиламизга қўни-қўшнилар ёрдам беришади.

“Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Дилшод Сиддиқовнинг маълум қилишича, лимончилик ва қулупнайчилик маҳалла драйверига айланган. Маҳалладаги 729 та хонадонинг 250 тасида иссиқхоналар ташкил этилган ва бир йилда томорқадан уч-тўрт маротаба ҳосил олинади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг