Гулистон шаҳрида янги йўл ўтказгич фойдаланишга топширилди
Фото: Халқ сўзи
М-34 «Тошкент-Душанбе» автомобиль йўлининг 121- километридаги темир ва автомобиль йўллари устидан ўтган йўл ўтказгич қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Эскиси 1983 йилда қурилган ва охирги вақтларда унда кўпгина ёриқлар юзага келиб, фойдаланиш учун хавфли бўлиб қолган эди. Гулистонни шаҳрига жанубий томондан кириш-чиқишни таъминлайдиган ушбу янги иншоот қурилиши «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонаси томонидан амалга оширилди.
Ушбу коммуникация иншооти анча маҳобатли, хусусан, узунлиги 750 метр, эни эса 22 метр. Ундаги икки тасмали автомобиль йўлида бир кунда 50 мингдан ортиқ транспорт воситаси ҳаракатланиши мумкин. Шу билан бирга пиёдалар учун ҳам йўлаклар мавжуд.

Кўприкнинг очилиш тантанасида Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев, қурувчилар, нуронийлар, ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
— Аввал Гулистон шаҳри марказига йўл олган автомобиллар асосан битта кўприкдан юришига тўғри келар, натижада куннинг тиғиз вақтлари тирбандликлар кузатилар эди. Янги кўприкнинг фойдаланишга топширилиши аҳолимизга катта қулайлик яратади. Масофа, вақт, ёқилғи сарфи ҳам қисқаради, — деди вилоят ҳокими.
Тадбир сўнгида кўприк қурилишида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ қурувчиларга эҳтиром кўрсатилиб, совға-саломлар топширилди.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг