Гулистон номига мос масканга айланди
Фото: Халқ сўзи
Президентимизнинг тегишли топшириғига асосан энг чекка ва олис ҳудудлардан танлаб олинган 70 та “қизил” тоифадаги маҳаллада “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” мезонларини жорий этиш белгиланган эди.
Шунга асосан, Қашқадарё вилоятида ҳам тўртта маҳалла танлаб олиниб, уларда дастур асосида ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ҳамда аҳолининг фаровон турмуш-тарзини таъминлашга қаратилган бошқа чора-тадбирлар амалга оширилди. Улардан бири Нишон туманидаги Гулистон маҳалласи ҳисобланади.

Гулистон маҳалласида 1235 та хонадон мавжуд бўлиб, 6358 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли бу жойларга бундан 50-60 йил аввал, Қарши чўли ўзлаштирилиши муносабати билан кўчиб келиб, макон тутган. Асосий коммуникация тармоқлари ҳам ўша вақтларда бунёд этилган. Ўтган йиллар давомида эса маҳаллада аҳоли сони бир неча маротаба ошди, янги-янги кўчалар, гузарлар барпо этилди. Натижада мавжуд коммуникация тармоқлари талабга жавоб бермай қолган, бу эса аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди.

“Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” дастури доирасида маҳалла ҳудудидаги 27 километр йўлга шағал, 1,5 километр йўлга асфальт ётқизилди. Аҳоли гавжум бўлган Соҳибкор кўчасида 500 метр узунликда пиёдалар йўлаги барпо этилиб, атрофига эса тунги ёриткичлар ўрнатилди. Шунингдек, таъмирталаб ҳолга келиб қолган 250 та симёғоч мустаҳкам бетон устунларга алмаштирилди, иккита трансформатор капитал реконструкция қилиниб, яна иккита янги трансформатор қўшимча ўрнатилди.
— Маҳалламизда ижтимоий соҳа объектларидан 1 та мактаб, 1 та мактабгача таълим муассасаси ҳамда 1 та оилавий шифокорлик пункти мавжуд, — дейди “Гулистон” МФЙ раиси Хўжамурод Нормўминов. — Дастур доирасида ҳар учала объектда кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Айниқса, тиббиёт муассасамиз жуда таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Дастур доирасида ушбу оилавий шифокорлик пункти тўлиқ капитал реконструкция қилиниб, энг замонавий тиббий технологиялар билан таъминланди. Бундан ташқари, маҳалла идораси ҳам тўлиқ таъмирланиб, бу ерда маҳалла бешлигининг самарали фаолият олиб бориши учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Шу билан биргаликда, маҳаллада аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, яшил майдонлар барпо этиш, қабристонлар, ирригация тармоқлари атрофини ободонлаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

Гулистонда бўй кўрсатган ана шундай ўзгаришлар, юксалишлар одамларнинг кайфиятида, руҳиятида ҳам ўз аксини топмоқда. Шу маънода айтганда, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастури якуни бўйича ишлар сарҳисоби ҳам ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Тантанали тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ҳамда вилоятдаги масъул корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, маҳаллада амалга оширилган ишларга юксак баҳо беришди.
Таниқли санъат усталари ва эстрадамиз юлдузлари иштирокидаги концерт дастури, турли спорт ўйинлари маҳалла аҳлига байрамона шукуҳ улашди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг