Грузия собиқ раҳбари Саакашвилининг соғлиғи кескин ёмонлашди
Грузия собиқ президентининг шахсий шифокори унинг аҳволи ёмонлашганини маълум қилди. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.
Қайд этилишича, ҳибсда бўлган ва очлик эълон қилган Михаил Саакашвилининг соғлиғи кескин ёмонлашган. Шифокорнинг сўзларига кўра, собиқ давлат раҳбарини зудлик билан касалхонага ётқизиш керак.
«Қамоқхона шифокорлари ва ҳамширалари энг зўр ходимлардан. Мен улар билан ярим соат давомида бир кечани қандай ўтказиш ҳақида гаплашдим. Эртага Саакашвилининг олдига яна бораман. Уни касалхонага ётқизишимиз керак бўлиши мумкин», — деган шифокор.
Маълумот ўрнида, Грузияга қайтган мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ҳибсга олинганди. Маълум қилинишича, собиқ давлат раҳбарининг ҳибсга олингани ва жазони ижро этиш муассасасига жойлаштирилгани тўғрисида мамлакатнинг амалдаги бош вазири Иракли Гарибашвили хабар берган.
Қайд этилишича, Грузияда собиқ президент Саакашвилига нисбатан анча олдин — 2005 йилда бюджетни ўзлаштириш, ваколатларини суиистеъмол қилиш ва депутатни калтаклаш каби ҳолатлар бўйича бир қанча жиноий иш қўзғатилган. У 2014 йилнинг августидан буён қидирувда бўлган. Маълумотларга кўра, унга 11 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг