Гўзаллик, ободлик ва хуш ифор манбаи
Фото: Халқ сўзи
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтган йилнинг куз мавсумида Самарқанд вилояти ҳудудларига 6 миллион 145 минг туп ортиқ 27 турдаги мевали ва манзарали ҳамда бутасимон дарахт кўчатлари экилган эди. Жорий йил баҳор мавсумида эса яна 10 миллион 243 минг туп ниҳолларни қадаш режалаштирилган.
Биргина Самарқанд шаҳрининг ўзида 101 минг туп дарахт кўчатларидан ташқари 5 миллион туп гул қаламчалари ҳам экилади.

Самарқанд шаҳри ободлиги, тозалиги учун масъул бўлган ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги иссиқхона хўжалигида баҳорги мавсумда экиш учун 1 миллион тупдан ортиқ гул парваришланмоқда. Бундан ташқари ижарага олинган иссиқхоналарда ҳам гул етиштириш ишлари олиб бориляпти.
— Аслида гул экиш ишлари қишин-ёзин тўхтамайди, — дейди бошқарманинг бош агрономи Абдулатиф Баҳодиров. — Бугунги кунгача марказий кўчалар, хиёбонлар, тарихий обидалар атрофида совуққа чидамли виола, қировгул каби гулларни экиб чиқдик. Бу гуллар май ойигача ўз чиройини сақлаб туради. Ҳозир баҳорги мавсумда экиладиган гулларни парваришлаяпмиз.
Бугунги кунда шаҳар ободонлаштириш бошқармаси иссиқхона хўжалигида иш қизғин. Унда ўнлаб турдаги гуллар ва райҳон кўчатларини экишга тайёрлаш учун зарур агротехник тадбирлар олиб борилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг