Ғўза парваришида масъулиятли палла
Фото: Халқ сўзи
Кўпни кўрган, тажрибали деҳқонлар ёз чилласидаги ҳарорат ғўза ниҳолларининг ривожланишида ва мўл ҳосил етиштиришда муҳим ўрин тутишини яхши биладилар. Худди шундай, самарқандлик фермерлар ҳам мавжуд 75 минг 356 гектар ер майдонидаги ғўза агротехникасини ўз вақтида, оптимал вариантларда ва сифатли ўтказишга бор куч ва ресурсни сарф этмоқда.
Жорий йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида пахта ҳосилдорлигини ошириш ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аграр соҳага замонавий инновацион технологияларни жорий этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб берилди.

Айни кунларда ғўза парвариши юзасидан белгиланган «Долзарб ўттиз кунлик» тадбири бўйича 2022 йил ҳосили учун экилган ғўза майдонларида зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш юзасидан кенг қамровли тадбирлар амалга оширилаяпти. Самарқанд вилоятидаги мавжуд 32 та биолаборатория томонидан олтинкўз, трихограмма, бракон сингари биомаҳсулотлар 12 та пахта- тўқимачилик кластери ва фермер хўжаликлари ғўза майдонларига тарқатиляпти.
Ғўза ниҳолларида учрайдиган ўргимчаккана, кўсак қурти сингари зараркунанда ҳашаротлар ҳосилдорликка жиддий зарар етказишини яхши англаган деҳқонлар асосан куннинг эрталаб ва кечки пайтларида биомаҳсулотларни далаларга тарқатмоқда.
— Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 5 июль ҳолатига ўргимчакканага қарши бир кунда 3 минг 548 гектар, кўсак қуртига қарши трихограмма билан бир кунда 2 минг 770 гектар ҳамда бракон биомаҳсулоти билан 2 минг 733 гектар ер майдонига биологик усулда ишлов бериляпти, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси катта инспектори Адилжон Арзиқулов. — Хусусан, Пастдарғом туманида 16 минг 949 гектар ғўза майдонидаги зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш учун 10 та биолаборатория фаолият юритмоқда.
Дарвоқе, инспекция томонидан ғўза парваришида белгиланган агротехник юмушларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказиляпти. Жорий йилнинг беш ойи давомида вилоят туманларида ўтган 714 та назорат тадбирида 450 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу бўйича қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарларига 382 та огоҳлантириш, 32 та ёзма кўрсатма берилган бўлса, 36 та ҳолатда маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг