Гўшт нархи нега қиммат?
Бугун озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиб кетиши, хусусан гўшт нархининг қимматлашиб бораётгани аҳоли томонидан турли норозиликларга сабаб бўлмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз бозорларида қорамол гўшти ўртача 70 — 80 минг сўмгача сотилмоқда. Илгари қўй гўшти нисбатан мол гўштига қараганда қимматроқ бўларди. Ҳозир эса қорамол гўшти нархининг кескин ошиб бориши бу нисбатни йўққа чиқарди. Бу борадаги эътирозлар ҳам ўринли. Аслини олганда бу ҳолатга ҳар йили дуч келамиз.
Гўшт нархи 3 йил олдин қандай эди, ҳозир қандай?
Давлатларнинг ижтимоий ҳаётида жамоатчилик фикри муҳим ўрин тутади. Айни вазиятда ҳам нарх-навонинг баландлиги ем-хашак нархининг ошиб кетиши, шунингдек, юқори қатламнинг асоссиз ҳаракатларию, қуйи қатлам вакилларининг «чўнтаги»ни эътиборга олмаётгани билан баҳоланмоқда. Хўш, гўшт нархининг кескин кўтарилишига қандай омиллар сабаб бўлмоқда?
Статистик маълумотларига кўра, 2018 йилда мол гўшти — 28 000 сўмдан 41 000 сўмгача, қўй гўшти эса — 28 000 сўмдан 43 000 сўмгача сотилар экан. Бугун эса 2-3 баробар қиммат сотиляпти.
2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сонига нисбатан қорамол 36,8 фоизни ташкил этади. Бу эса, 1000 аҳоли жон бошига 368 бош қорамол тўғри келади дегани. Ўзбекистонда саноат йўли билан боқиладиган қорамолларнинг жами 5 фоизини ташкил қилади. Қолган 95 фоизи аҳоли томонидан етиштирилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, гўшт маҳсулотларининг асосий қисми аҳоли хонадонлари орқали бозорга чиқади. Бу эса, ўз навбатида, ем-хашак нархлари, об-ҳавонинг ноқулай келиши каби бир қатор табиий омиллар, чорва кредит фоизларининг қимматлиги туфайли бозорда нархларнинг назоратдан чиқишига сабаб бўлади. Барча иқтисодчиларнинг фикрича, нархларни назорат қилиш, умуман, барча маҳсулот турларига нисбатан ҳам мақбул ечим бўла олмайди. Нархни шароитдан келиб чиқиб бозор белгилаши керак. Яхши ва сифатли маҳсулот хоҳлаган харидор раста остидан барибир ўша қиммат нархни тўлайди. Бундай олди-сотдини чўнтаги кўтармайдиганлар эса сифатсиз маҳсулот билан чорасиз қолади. Бундан бир-икки йил аввал худди шундай гўшт нархи қимматлашуви ва нархларга чеклов ўрнатилиши ортидан бозорга эшак гўштлари ва ўлган мол гўштлари ҳам кириб келганини ҳеч кимга сир эмас. Айтишларича, ҳозирда 60 — 70 минг сўм чеклови билан чиқарилаётган гўштлар эса асосан сўйилишга мўлжалланган қорамолларни 2-3 ойда биоқўшимчалар билан озиқлантириш ҳисобига тез вазн олиб, сўйилади, аммо гўштнинг асосий қисми ёғ билан қопланган бўлади.
Қорамол боқиш қийинлашдими?
Тошкент шаҳри бозорларида асосан Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари шахсий деҳқон хўжаликлари ҳамда фермерлари томонидан етиштириб, олиб келинган қорамоллар сўйиб сотилади.
Фермерларнинг таъкидлашича, бир ёшга тўлган ориқ буқани бўрдоқига боқиш учун камида 3 ойлик меҳнат талаб этилади. Бунда ҳар куни унга ўртача 9 кг ем, яъни 3 кг шрот, 2 кг кепак, 3 кг шелуха ва 1 кг майдаланган маккажўхори ёки буғдой аралашмаси берилади. Бундан ташқари, кунига қўшимча 7-8 кг атрофида беда ёки дағал хашак бериб бориш керак. Ҳозирги кунда савдогарлар қўлида бир боғ прессланган беда, сомон, шрот нархлари ҳисобга олинса, қорамол боқишнинг харажатлари қанчага тушишини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас.
Республика бўйича ем маҳсулотлари етказиб берувчи корхоналарнинг фаолияти ўрганилганда, улар ем-озуқага бўлган талабни бор-йўғи 12-15 фоизинигина қондириши мумкинлиги ойдинлашди. Бу ҳам фақат тегишли график асосида белгиланган истеъмолчиларга сотилади, холос. Аҳолининг қарийб 85 фоизи емни савдогарлар қўлидан олишга мажбур бўлмоқда.
Ҳозирги, пандемия шароитида молиявий харажатларни ҳисобга олинган ҳолда қайсидир маънода аҳолига нарх-навони назорат қилиш орқали енгилликлар берилиши ўринли. Аммо қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари масаласига келганда, айнан, гўшт нархини минималлаштириш кутилган самарани бермаслиги эҳтимолдан ҳоли эмас.
Шаҳбоз Абдусатторов,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси Матбуот хизмати ходими
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг