Ғолиблар муносиб тақдирланди

16:50 29 Август 2022 Жамият
723 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилоятида ўқувчи-ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялашга йўналтирилган «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг финал босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 31 йиллик тантаналари билан уйғунлашиб кетди.

Наманган шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида ташкил этилган тантанада вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов давлатимиз раҳбари томонидан болалар спортига кўрсатилаётган эътибор xусусида алоҳида тўxталиб, мусобақа ғолибларига муваффақият тилади. Тадбирда 509 нафар ғолиб ўқувчига эсдалик совғалари топширилди.

Баҳслар якунига кўра, 3 -ўринни Давлатобод, 2-ўринни Уйчи тумани жамоаси қўлга киритган бўлса, «Умид ниҳоллари - 2022» спорт мусобақаси ғолиби бўлган Тўрақўрғон тумани жамоаси Президент совғаси – “Damas” автомашинаси билан тақдирланди. 166 нафар 1-ўринни эгаллаган ўқувчиларнинг ҳар бири ноутбук, 166 нафар 2-ўрин эгалари телевизор, 177 нафар 3-ўрин соҳиблари велосипед ҳамда медаль, диплом ва кубок билан тақдирланди. Уларнинг ўқитувчи-мураббийларига эса спорт экипировкалари топширилди.

Самарқанд вилоятида жорий йилда «Умид ниҳоллари»нинг қуйи босқич баҳсларида спортнинг 11 тури бўйича 540 минг нафар ўқувчи иштирок этди. Турнирнинг финал босқичида эса 509 нафар истеъдодли ўқувчи ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Самарқанд шаҳридаги «Мўъжиза» амфитеатрида «Умид ниҳоллари-2022» спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган Самарқанд шаҳар жамоасига Президент совғаси - “Damas” автомашинаси ва ўқувчиларнинг ҳар бирига ноутбук, иккинчи ўринни эгаллаган Иштихон тумани спортчиларига телевизор, учинчи ўринни банд этган Ургут тумани ёшларига велосипед берилди.

Тадбир катта концерт дастури билан якунланди.

Қ. Нажмиддинов,

А. Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер