Глаукоманинг қандай даволаш усуллари бор?

01:51 10 Январь 2021 Жамият
8308 0

ССВ Матбуот хизмати глаукома касаллиги ва уни даволаш йўллари ҳақида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов билан суҳбатлашди.

— Глаукомага чалинган кишилар турмуш тарзида нималарга кўпроқ эътибор бериши керак?

— Беморга ҳаяжонланиш, асабийлашиш, совқотиш, жуда қизиб кетиш кабилар мумкин эмас. У қизиган печь (ўчоқ, тандир) олдида узоқ муддат турмаслиги, бошини энгаштириб ишламаслиги лозим. Иссиқ ҳаммомда ювиниш, оғир жисмоний ва ақлий меҳнат билан шуғулланиш ярамайди. Бемор қоронғида ўтирмаслиги, қора кўзойнак тақмаслиги лозим.

Ҳатто ўқиш ва ёзишни ёруғ хонада бажариши керак. Бемор кун давомида 4-5 маҳал енгил овқатланиши, кечки овқат эса уйқуга ётишдан 4 соат илгари тановул қилиниши зарур. Қовурилган ва шўр овқатлар, шунингдек, мурч, қалампир истеъмол қилиши мумкин эмас. Беморга сут, сабзавотли овқатлар тавсия этилади.

— Глаукомани қандай даволаш усуллари бор?

— Ўз вақтида кўрилган даво чоралари глаукома касаллигини тўхтатишга ва беморнинг меҳнат қобилиятини тиклашга ёрдам беради. Касаллик аниқлангач, биринчи бўлиб дорилар, кўз томчилари ёрдамида даволаниш бошланади. Томчилар ёрдамида даволаш самара берса, бемор ушбу дориларни доим томизиб юриши лозим.

Ҳеч бир дори таъсир қилмаса, бошқа даволаш усуллари тавсия қилинади. Улардан бири — лазер нури ёрдамида даволашдир. Бунда кўз ички суюқлигини димланишига сабаб бўлган йўллар лазер нури ёрдамида очилиб, кўз босими туширилади.

Лазер жарроҳлиги мутлақо оғриқсиз ва хавфсиздир. Лекин глаукоманинг барча турларида ҳам лазер нури самара бермаслиги мумкин. Жарроҳлик усулида даволаш эса ҳозирда энг самарали усул ҳисобланади. Кўп ҳолларда ўз вақтида дори томизмаслик, кўз шифокори назоратида турмаслик, шифокор тавсияларини тўлиқ бажармаслик бемор кўришини ёмонлаштиради. Шу боис доим саломатлигингизга алоҳида эътибор қаратишни унутманг.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер