Ғиждувонда ўқитувчиларнинг масжидлар олдида қоровуллик қилишларига нега кўрсатма берилди? — Вазиятга ойдинлик киритилди
14 сентябрь Ғиждувон тумани халқ таълими бўлими томонидан ўқитувчилар жума кунлари эрталабдан жомеъ масжидлари олдида қоровуллик қилиб, мактаб ўқувчилари масжидга киришининг олдини олиши бўйича топшириқ берилгани ҳақидаги аудиоёзув тарқалди. Бухоро вилояти ХТБ ушбу аудиоёзувга расмий муносабат билдирди.
Таъкидланишича, мазкур аудиоматериал бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ўрганишлар олиб борилди.
"Ҳаммамизга маълумки, пандемия шароитида умумтаълим мактабларида жамоатчилик таклифлари асосида карантин талабларига риоя қилган ҳолда анъанавий шаклда таълим жараёнини ташкил этиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, тиббиёт бирлашмаларининг хулосалари, ўқитувчилардан олинган тест натижалари ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгашларининг тегишли қарорларига кўра, Бухоро вилоятида 14 сентябрь куни 17 та, 15 сентябрь куни 13 та умумтаълим мактаблари ўз фаолиятини бошлаши белгиланди. Жумладан, Ғиждувон туманида мавжуд 67 та умумтаълим мактабларининг 11 тасида ҳам анъанавий шаклда таълим жараёнлари бошланади.
Туман мудираси томонидан пандемия даврида анъанавий шаклдаги фаолиятга ўтган ва ўтиши режалаштирилган мактаблар ўқувчиларининг саломатлигини асраш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, одамлар гавжум бўлган жойларда юришларининг олдини олиш, қолаверса, ўқувчи-ёшларнинг масжидларга отаси, бобоси ва ёши катта яқин қариндошлари билан бориши, ёлғиз бормаслигига чақириш мақсадида вояга етмаган ўқувчи-ёшларнинг саломатлигини ўйлаган ҳолда бундай кўрсатма берганлиги аниқланди. Унинг бу хатти-ҳаракатларида мамлакатимизда белгиланган диний эркинлик ҳуқуқларига тўсқинлик қилиш мақсади йўқ, бу фақат ўқувчи-ёшлар хавфсизлигини таъминлаш учун қилинган эҳтиёткорлик чораси холос" дейилади расмий муносабатда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг